Кремль Эрдўғаннинг таклифини қаноатлантирмади

Олам 16180
image

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Украина етакчиси Зеленскийнинг учрашуви икки давлат музокарачилари делегациялари барча  топшириқларни бажарганидан кейин амалга ошиши мумкин. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 8 август кун журналистларга маълум қилди.

Песковга кўра, юқори даражадаги музокаралар учун ҳозир ҳеч қандай шарт-шароит йўқ.

“Президентлар Путин ва Зеленский ўртасидаги учрашувга келсак, бу музокарачи делегациялар томонидан барча вазифалар бажарилганидан кейингина мумкин. Шунинг учун жаноб Эрдўған айтган [учрашув] учун зарур шартлар ҳозирча бажарилмаган”, дейди у Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Путин ва Зеленский ўртасидаги музокараларни ташкил этиш бўйича таклифларини изоҳлар экан.

Кремль матбуот котибининг таъкидлашича, Туркия раҳбари “бир неча бор ўз хизматларини таклиф қилган ва Украинада тинчлик жараёнини бошлаш учун ҳаракат қилган”. 

"Биз биламизки, Россия ва Украина делегациялари ўртасида музокараларнинг бир неча раундини ўтказиш учун яхши шароитларни ташкил этишда унинг (Ражаб Тойиб Эрдўған – таҳр.) роли жуда катта бўлган. Ва ҳозирги вазиятга ёрдам бериш учун [Туркия] Президенти шундай сиёсий иродасини изҳор этишда давом этмоқда”, дейди Песков.

Унинг қўшимча қилишича, Москва Киев вакиллари билан ҳеч қандай музокаралар ўтказгани йўқ. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 август куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сочига ташрифи давомида Россия Президенти Владимир Путинга Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашишни таклиф қилган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3.1
t
×