Кореядан Ўзбекистонга йирик миқдорда инсонпарварлик ёрдами келяпти

Жамият

image
Тошкентда ҳомиладор аёл коронавирусдан соғайди north_east

Тошкентда ҳомиладор аёл коронавирусдан соғайди

Жанубий Кореяда Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун инсонпарварлик ёрдами юборяпти. Мазкур ёрдам Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Умумий оғирлиги 34 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, Жанубий Кореянинг “Evergreen Motors”, “Hanshin E&C”, “Shindong Resources”, “BOMI E&C”, “GM Korea”, GM, “UNICO Logistics”, “Chung Hospital”, “Myung Sung Placon”, “Suwan TPL”, “Union Korea Pharm”, “Century”, “Infinity Co., Ltd.”, LH, “Hyundai Engineering” каби компаниялари ва Шинхан университети кўмагида шакллантирилди.

Бундан ташқари, Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ажратилган 250 минг доллар миқдоридаги маблағ эвазига “PCL Inc.” компаниясининг 20 минг дона ПЦР диагностика тест тизимлари харид қилинди.

Бугун қиймати 900 минг долларга яқин 6,2 тонна оғирликдаги юқори технологик тиббий ускуналар, автомат механизмли тиббий каравотлар ва ПЦР диагностика тест тизимлари Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг махсус самолётида мамлакатга жўнатилди.

Умумий оғирлиги 27,6 тоннадан ортиқ бўлган гуманитар юкнинг қолган қисми навбатдаги юк чартер рейси билан юртимизга етказилади.

Корё университети профессори Юн Синг Жу ҳам COVID-19 га қарши курашда халқаро эксперт сифатида ушбу рейс билан Тошкентга келади.

“Мамлакатингизда янги турдаги коронавирус тарқалишига қарши курашда ёрдам бериш ва ўзаро тажриба алмашиш учун таклиф қилинганимдан мамнунман. Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси оқибатларини имкон қадар тезроқ бартараф этиш учун ҳар томонлама амалий чоралар кўрилмоқда. Жанубий Корея билан яқин ҳамкорликда ушбу йўналишда самарали ишлар олиб борилаётгани улкан самаралар бераётгани қувонарли. Ўз навбатида, ушбу жараёнга ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшиб, биргаликда Ўзбекистонда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича профилактик чораларни янада мустаҳкамлашга эришишимизга ишонаман”, дейди Юн Синг Жу.

Корея Республикасининг ёрдам юки Тошкентга 26 апрель куни кечки пайт етиб келади.

Эслатиб ўтамиз, бугунгача Ўзбекистонга БААХитойАҚШ, Озарбайжон ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти коронавирусга қарши кураш учун ёрдам жўнатганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг