АҚШ коронавирусга қарши курашиш учун Ўзбекистонга шахсий ҳимоя воситаларини топширди
Жамият
−
18 Март 2020
11714АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонга COVID-19 коронавирусига қарши курашиш учун тиббий воситаларни тақдим этди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
USAID тақдим этган шахсий ҳимоя воситалари таркибига 10 000 та қўлқоп, 10 200 та ниқоб, 1400 та махсус халат ва 200 та кўзойнак киради. Улар бутун Ўзбекистон бўйлаб вилоят марказлари ва шаҳарларда тарқатилади.
“Янги коронавирус касаллиги фақатгина ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик орқали бартараф этилиши мумкин бўлган, глобал соғлиқни сақлашга таҳдид солаётган касалликдир. АҚШ ҳукумати ушбу глобал эпидемияга тайёргарлик ва жавоб чораларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистондаги ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, дейди элчи Розенблюм.
Ўзбекистон номидан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов миннатдорлик билдирган.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти номидан коронавирус инфекциясига қарши тайёргарлик ва жавоб чораларини кўришда Ўзбекистон Республикасига кўрсатган ёрдами учун Америка Қўшма Штатларига чуқур миннатдорлик билдирамиз. Биз ватандошлар саломатлиги ва фаровонлигини ошириш борасидаги яқин ҳамкорлигимизни юксак қадрлаймиз”, – деди бош санитар врач ва агентлик директори Баҳром Алматов.
Шахсий ҳимоя воситалари Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига мамлакатда COVID-19 билан зарарланган беморларни даволаш учун тез ва хавфсиз чора кўришга имкон беради. Улар инфекция хавфини камайтиришда илғор соғлиқни сақлаш ходимлари учун муҳим аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистонда ушбу вирус билан оғриганлар 13 кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда 2100 киши карантинга олинган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси