Комиловнинг ўғлига тегишли компания Чиноз нефтни қайта ишлаш заводини ҳам сотиб олди
Жамият
−
04 Март
10229Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли компания “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖни сотиб олди.
Маълумотларга кўра, ушбу заводнинг харидори “Petroleum Technology Group” МЧЖ ҳисобланади. Мазкур компания эса Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли.
2016 йилда ишга туширилган Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи 2022 йилда сотувга чиқарилган эди. 2023 йил бошида харидорлардан таклифлар қабул қилинган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хусусийлаштиришнинг кейинги тақдири ҳақида бошқа ахборот тақдим этмаган.
Завод йилига 120 минг тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга. Айни пайтда у ерда бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда AI-92 маркали юқори октанли бензин ишлаб чиқариш технологияси ишлаб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекнефтгаз”нинг 78 та автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларини назорат қилувчи “UNG Petro” масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоизлик улуши ҳам Дониёр Комилов 100 фоиз ҳиссадори бўлган “Petroleum Technology Group” МЧЖга ўтганди.
Бироқ, “Ўзбекнефтгаз” мазкур МЧЖнинг қачон ва қанчага сотилганига аниқлик киритмаган.
Шуни қайд этиш жоизки, Дониёр Комилов таъсисчилигидаги компания пойтахт марказидаги Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биносини ҳам сотиб олган эди. Ўшанда ушбу маъмурий бино Моддий-маданий мерос объектлари рўйхатида эди. Ҳозирда эски бино ўрнида меҳмонхона қурилмоқда.
Маълумот учун, Дониёр Комилов Россия фуқароси ҳисобланади. У Россиядаги бир нечта йирик компанияларда улушларга эга, шунингдек, ўтган йили Урал кон-металлургия компаниясининг ҳам бенефициар эгасига айланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь