Кобахидзе Тошкентга сафарини якунлади
Жамият
−
05 Март
3901Бугун, 5 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигида икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҳукумат порталида хабар берилди.
Қайд этилишича, учрашувда ҳукуматлар олдида маданий, савдо-сотиқ ва гуманитар соҳаларда эришилган келишувларни ўз вақтида бажариш ҳамда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқиш асосий вазифа сифатида тургани таъкидланган.
“Бунда асосий эътиборни уч йўналишга, яъни, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, инвестиция ва кооперация лойиҳалари кўламини кенгайтириш, транспорт-логистика тизимини янада яхшилашга қаратиш лозимлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.
Қолаверса, учрашувда товар айирбошлаш ҳажми ва унинг таркиби мамлакатлар салоҳиятига мос эмаслиги, Ўзбекистон-Грузия ўртасидаги эркин савдо келишуви имкониятларини тўлиқ ишга солиб, яқин йилларда савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжудлигига эътибор қаратилган.
Бундай натижага тўқимачилик, пойабзал ва чарм, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари, рангли ва қора металлар, мева-сабзавот, кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар олди-сотдисига кенг йўл очиш орқали эришиш мумкинлиги билдирилган.
Шу билан биргаликда, ҳукуматлар делегациялари учрашувида савдо-иқтисодий, инвестициявий йўналишлардан ташқари, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, таълим, туризм, маданий-гуманитар соҳаларида ҳам ўзаро муносабатларни янада яхшилаш икки давлат манфаатларига бирдек мос келиши таъкидланган.
“Ҳудудлараро ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг муҳим омили бўлиши мумкинлиги, шу маънода, Самарқанд ва Батуми, Бухоро ва Мсхета шаҳарлари ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар ривожига салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирилди”, дейилади хабарда.
Учрашувлар якунига етгач, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг Ўзбекистонга амалга оширган икки кунлик расмий ташрифи якунига етган.
Уни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 март куни Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе расмий ташриф билан Тошкентга келганди. Кейинроқ, Кобахидзе Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Қолаверса, Олий Мажлис Сенатида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув ҳам бўлиб ўтди. Бугун, 5 март куни эса Президент Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.