Танзила Норбоева Грузия Бош вазири билан учрашди
Жамият
−
04 Март
2924Бугун, 4 март куни Олий Мажлис Сенатида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида Сенат раиси Танзила Норбоева мартабали меҳмоннинг мамлакатга ташрифи икки давлат ўртасида қарор топган яқин ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда янги саҳифа очиш учун катта имконият эканини таъкидлаган.
“Ўзбекистон ва Грузия халқларининг миллий урф-одатларида уйғунлик кузатилади, икки халқ ҳам меҳмондўст ва ўз юртига садоқат каби хусусиятларга эга. Сўнгги йилларда дўстлик ришталари қадимий анъаналарга мос равишда ривожланмоқда. Икки миллат вакилларини ўзаро ишонч туйғулари боғлаб турибди. Тошкентда “Ўзбекистон – Грузия” дўстлик жамияти тузилгани ва “Мегоброба” маданий маркази фаолият юртиши ҳам фикримиз тасдиғидир”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, суҳбат чоғида меҳмонларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Нафақат ҳукуматлараро, балки парламентлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, қонунчиликни такомиллаштиришда тажриба алмашиш, ишга солинмаган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ўзаро алоқаларнинг изчиллигини таъминлайди, дейилди учрашувда.
Ираклий Кобахидзе Грузия Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирган ва Ўзбекистонда барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқларни юқори баҳолаган, давлат раҳбари олиб бораётган ислоҳотларнинг ҳаётда ўз ифодасини топаётганини таъкидлаган.
Шунингдек, мулоқотда туризм, иқтисодиёт, электроника, аграр ва транспорт коммуникацияси сингари устувор йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилган.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилган, хусусан, ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, янги режаларни белгилаб олиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.
Грузия парламенти раҳбарлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида қатнашишга катта қизиқиш билдираётгани қайд этилган, келгусида ҳам халқаро майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини мустаҳкамлашга келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 4 март куни Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе расмий ташриф билан Тошкентга келганди. Кейинроқ, Кобахидзе Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
LiveБарчаси