КХШТ кучлари қўзғолончиларни йўқ қилишда қатнашадими?
Олам
−
07 Январь 2022
9598Қозоғистонда КХШТ аскарлари жанговар ҳаракатларда қатнашмайди, жангариларни йўқ қилиш билан шуғулланмайди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Даурен Абаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг барча ҳудудларида қонунийлик ва тартиб ўрнатилган. Вазият барқарорлашган.
“Олма-отада барча маъмурий бинолар террорчилардан тозаланди. 6 январь куни Олма-ота шаҳрини тозалаш операциясининг жанговар қисми “Аристан”, “Арлан”, “Беркут” бўлинмалари ва Мудофаа вазирлиги қўшинлари томонидан амалга оширилди. КХШТ аскарлари жанговар ҳаракатларда қатнашмайди, жангариларни йўқ қилиш билан шуғулланмайди”, деган Абаев.
Унинг сўзларига кўра, кўплаб жангарилар йўқ қилинган ёки ҳибсга олинган. Террорчилар аэропортлар ва бир нечта самолётларни эгаллаб олган, кейинчалик улар мамлакат Мудофаа вазирлиги кучлари томонидан қайтариб олинган. Айни дамда 18 нафар полиция ходими ҳалок бўлгани маълум.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь