Киевда комендантлик соати жорий этилди

Олам

image

Киев вилояти маъмурияти кучайтирилган комендантлик соати жорий этилишини эълон қилди. Режим бугун, 15 март куни кечқурун бошланади ва 17 март куни эрталабгача давом этади. Бу ҳақда Киев вилояти давлат маъмурияти раҳбари Алексий Кулеба маълум қилди. 

“Киев вилояти бўйлаб 15 мартдан 17 мартгача соат 20:00 дан 07:00 гача комендантлик соати жорий этилди”, дейди у ўзининг Telegram-каналида. 

Киев вилояти маъмурияти раҳбарининг айтишича, чеклов чоралари даврида вилоят аҳолисига кўчага чиқиш ва жамоат жойларига бориш тақиқланади. Махсус рухсатномалар ва шахсий гувоҳномаларга эга бўлган шахслар бундан мустасно. 

"Биз ҳаммадан кейинги бир ярим кунни ўз уйингизда ёки бошпанангизда ўтказишингизга тайёрланишингизни сўраймиз", дея огоҳлантирди Кулеба. 

Шунингдек, Киев мэри Виталий Кличко ҳам Украина пойтахтида 15 март соат 20:00 дан 17 март 07:00 гача давом этадиган кучайтирилган комендантлик соати жорий этилганини маълум қилган эди. 

Аввалроқ кучайтирилган комендантлик соати Киевда 26 февраль куни соат 17:00 дан жорий қилинган ва 28 феврал куни соат 08:00 гача давом этган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг