Киев уруш туфайли ишидан айрилганларга 220 доллардан пул беради 

Олам

image

Украина ҳукумати мамлакатдаги уруш туфайли ишини йўқотган фуқароларга 6,5 минг гривнадан (тахминан 220 доллар) тўлайди. Бу ҳақда Украина Бош вазири Денис Шмихаль маълум қилди.  

“Украина Президентининг топшириғига кўра, келгуси ҳафтада қўллаб-қувватлаш дастури ишлай бошлайди. Ушбу дастур доирасида урушда иш жойи олиб қўйилган ҳар бир ходим, хусусий тадбиркор 6,5 минг гривна олиши мумкин”, деган у. 

Ҳукумат раҳбари ушбу маблағларни “Дія” (“Ҳаракат”) иловаси орқали олиш мумкинлигини таъкидлаган. 

Бош вазир, шунингдек, Киев аллақачон ҳарбий облигацияларнинг биринчи чиқарилишини амалга оширганини ва тез орада иккинчисини чиқаришни режалаштираётганини айтган. 

“Украинага қарз беришга тайёр бўлган ҳар бир киши, бизнинг ҳарбийларимиз, шифокорларимиз, муҳим инфратузилма ходимлари, бизнинг ҳарбий облигацияларимизни сотиб олиш орқали буни амалга ошириши мумкин”, деб тушунтирган у. 

Бугун, 6 март куни эрталаб Украина Президенти Владимир Зеленский Украинани қайта тиклаш учун тўртта жамғарма ташкил этилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, гап вайрон бўлган мулк ва инфратузилмани тиклаш, иқтисодиётни тиклаш ва ўзгартириш, давлат қарзига хизмат кўрсатиш ва тўлаш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун маблағлар ҳақида бормоқда. 

Зеленский шунингдек, расмийлар украиналикларни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор бошқа дастурлар ишлаб чиқаётганини ҳам қўшимча қилган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг