Киев Москва билан вақтинча сулҳга розими?

Олам

image

Москва билан ҳар қандай вақтинчалик сулҳ Украина учун кейинга қолдирилган уруш бўлади. Бу ҳақда Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ахборот телемарафон эфирида маълум қилди.

“Москва билан ҳар қандай вақтинчалик сулҳ келажакка, 2-5 йилга қолдирилган урушдир. Бу, масалан, “Минск-3”. Россия фақат экспансияни, фақат қўшнилари билан урушни тарқатадиган мамлакат, шунинг учун ҳар доим катта хавф мавжуд. Бизга бу керак эмас, кафолатлар керак. Биз доимо гуманитар сулҳ ҳақида гапирамиз, лекин Россия буни амалга оширишга доимо тўсқинлик қилмоқда. Бучада кўрганимиз Россиянинг уруш услуби. Улар фақат тинч аҳолига қарши курашадилар. Улар аскарларга қарши қандай курашишни билишмайди”, дейди у.

Шунингдек, Подоляк Россия Федерацияси раҳбарияти рус қўшинлари ютқазаётганини кўриб турганини таъкидлаган.

Подолякнинг сўзларига кўра, Украина ўзи амал қиладиган режага эга.

“Россия буни кўриб турибди. Уларнинг фронтда ҳеч қандай устунлиги йўқлигини кўрмоқда. Улар Донбасс учун жанг уларнинг позицияларини сезиларли даражада яхшилашини кутишмоқда...”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков рус қўшинлари Украинадаги урушда катта йўқотишларга учраганини айтганди. У бу йўқотишлар фожиа эканини таъкидлаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг