Хитой Россияга қарши санкцияларга қисман қўшилди – ОАВ

Олам 18879
image

Хитойнинг камида бешта компанияси Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари туфайли “Арктик СПГ-2” лойиҳаси учун модуллар ишлаб чиқаришни май ойи охиригача қисқартириши мумкин. Бу ҳақда “South China Morning Post” газетаси компаниялардаги манбаларга таяниб, хабар берди.

Россиянинг “Новатэк” компаниясининг Гидан яриморолидаги суюлтирилган газ ишлаб чиқариш заводи 2023 йилда Хитой компаниялари ускуналарига таяниб, ишга тушиши керак эди. Бу Россиядаги энг йирик завод бўлиши кутилаётганди.

“Аммо Европа Иттифоқининг Россияга газ лойиҳалари технологияларини етказиб беришни тақиқлаган санкциялари туфайли Хитой компанияларига “Арктик СПГ-2” билан ишлашни 27 майгача тўхтатишга буйруқ берилди”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, хитойлик ишлаб чиқарувчилардан бири “South China Morning Post” нашрига вазият ҳар куни ўзгариб бораётгани сабабли манфаатдор томонлар билан яқин алоқада эканини айтган.

“Bomesc Offshore Engineering”дан ташқари яна тўртта Хитой компанияси, жумладан, “Cosco Shipping Heavy Industry”, “Penglai Jutal Offshore Engineering”, “Wison Offshore Engineering” ва “Qingdao McDermott Wuchuan” ҳам модулларни яратиш билан шуғулланади. Бироқ Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари туфайли “Арктик СПГ-2” лойиҳаси учун модуллар ишлаб чиқаришни май ойи охиригача қисқартириши мумкин

“Арктик СПГ-2” лойиҳаси учун 10 та модул қураётган Тяньцзиньда жойлашган “Bomesc Offshore Engineering” компанияси манбаси “бу масала бўйича ҳозирча якуний қарор йўқ”, деган.

“Арктик СПГ-2” — “Новатэк” компаниясининг суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича иккинчи йирик лойиҳасидир. Ямалнинг Тазовский туманидаги Гидан яриморолининг шимоли-ғарбий қирғоғида жойлашган. Қурилиш ишлари “Арктик СПГ-2” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 21 миллиард долларга баҳоланган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 22
Рейтинг: 3.2
t
×