Хитой Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликка муносабат билдирди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг дўст қўшниси ва кенг қамровли стратегик ҳамкори сифатида Хитой Ўзбекистон ҳукуматининг миллий осойишталикни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь бугун, 4 июль куни бўлиб ўтган брифингида маълум қилди.

“Хитой томони бир неча кун аввал Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалардан хабардор. Ўзбекистоннинг дўст қўшниси ва кенг қамровли стратегик ҳамкори сифатида Хитой Ўзбекистон ҳукуматининг миллий осойишталикни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди”, дея жавоб берди Чжао Лицзянь, журналистнинг “Қорақалпоғистондаги воқеаларга Хитойнинг муносабати қандай?” деган саволига.

Лицзянга кўра, Хитой томони Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон мамлакатда осойишталик ва бирликни сақлашга қодирдирлигига аминлигини айтди.
 
Аввалроқ, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон каби бир қатор давлатлар Ўзбекистон ҳукуматининг Қорақалпоғистон Республикасида барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Хитой

Баҳолаганлар

152

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг