Херсоннинг Россия тайинлаган раҳбарларидан бири ўлдирилди
Олам
−
30 Сентябрь 2022
18699Украинанинг Россия томонидан эгалланган Херсон вилояти ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбарининг хавфсизлик бўйича биринчи ўринбосари Алексей Катериничев Украина Қуролли Кучлари томонидан HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимидан (ЯРҲТ) берилган нуқта зарбаси натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда бугун, 30 сентябрь куни ТАСС агентлигига ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов маълум қилди.
“Катериничев HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимининг мақсадли зарбаси натижасида вафот этди. У турган уйга иккита ракета келиб тушган”, дейди манба.
Бугун эрталаб Россия Федерацияси Жамоатчилик палатаси аъзоси Александр Малкевич, кеча кечқурун Украина Қуролли Кучлари томонидан Херсон марказига ракета ҳужуми натижасида ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Катериничев ҳалок бўлганини маълум қилди.
Россия Федерацияси Жамоатчилик палатаси аъзосининг сўзларига кўра, эркак бир ярим ой давомида раҳбарнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Тайинлашдан олдин у 25 йил ҳарбий хизматни чегара қўшинларида ва Россия ФХХ бўлинмаларида ўтказган. 2021 йилдан “Лидер” фавқулодда хавфли қутқарув ишларини олиб бориш маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Катериничевнинг йўқ қилингани ҳақида ҳозирча маълумот бермаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси