Харьковда 30 дан ортиқ аҳоли пункти озод қилинди – Зеленский
Олам
−
10 Сентябрь 2022
6305Украина Қуролли Кучлари Харьков вилоятидаги 30 дан ортиқ аҳоли пунктларини Россия ҳарбийларидан озод қилди ва назорат остига олди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский кеча, 9 сентябрь куни видеомурожаатида маълум қилди.
“Бизнинг армиямиз, разведка ва Украина Хавфсизлик хизмати бир неча тезкор йўналишларда фаол операцияларни давом эттирмоқда. Муваффақиятли давом этятиряпти. Ҳозирда Украина Қуролли Кучлари Харьков вилоятидаги 30 дан ортиқ аҳоли пунктларини озод қилиб, назорат остига олган. Вилоятнинг айрим қишлоқларида ҳудудни текшириш ва хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда, биз аста-секин янги аҳоли пунктларини назоратга олмоқдамиз – ҳамма жойда Украина байроғини ва халқимиз учун ҳимояни қайтарамиз”, дейди давлат раҳбари.
Зеленский, шунингдек, Европа Иттифоқи Украинага 5 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдамни маъқуллаганини маълум қилди.
Президентнинг сўзларига кўра, Евроиттифоқ Кенгаши ЕИ ва Россия ўртасидаги виза режимини соддалаштириш бўйича келишувни тўхтатишга қарор қилди.
“Ушбу қарор душанбадан кучга киради. Ва Россия фуқаролари учун виза чекловлари бўйича Европа комиссиясининг аниқ тавсиялари бор”, дейди у.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси