Харьков маркази яна бомбаланди (видео)

Олам

image

Бугун, 2 март куни Украина шарқидаги Харьков шаҳри яна интенсив ҳужумга учради. УНИАНнинг гувоҳларга таяниб ёзишича, портлаш шаҳар марказида – кеча бомбаланган Озодлик майдонидан 1,5 километр узоқликда содир бўлган.

Ҳужум натижасида Мироносицкая кўчасидаги, Украина хавфсизлик хизмати биноси ёнида жойлашган Каразин номидаги университет биноси ёниб кетган. Ёнғин Миллий полиция бош бошқармаси жойлашган қўшни бинонинг бир қисми ҳам ўтган.

Давлат Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, ёнғин турар-жой биноларига ҳам ўтган ва тарқалиш хавфи мавжуд.

Қайд этилишича, ҳозирда қурбонлар сони ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда. Давлат Фавқулодда вазиятлар хизматининг дастлабки маълумотларига кўра, 3 киши жароҳатланган. Воқеа жойида 100 га яқин қутқарувчилар ишламоқда.

Бундан олдин Харьковга Россия десанти туширилгани ва украин ҳарбийлари билан жанглар бошлангани айтилганди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг