Хакерлар ТАССга ҳужум қилди
Олам
−
28 Февраль 2022
10143Бугун, 28 февраль куни Россия оммавий ахборот воситаларининг сайтлари хакерлар ҳужумига учради.
Хакерлар ҳужумидан кейин ТАСС агентлиги веб-сайтининг асосий саҳифасига кирганда, фойдаланувчилар қаршисида россияликларга йўлланган Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирув пайдо бўлди.
“Ҳурматли фуқаролар. Биз сизни бу жинниликни бас қилишга чақирамиз, ўғилларингиз ва эрларингизни аниқ ўлимга юборманг. Путин бизни алдашга мажбур қиляпти ва бизни хавф остига қўйяпти. Биз бутун дунёдан ажралиб қолдик, улар нефть ва газ сотиб олишни тўхтатди. Бир неча йилдан кейин биз Шимолий Кореядагидек яшаймиз. Бизга бу нега керак? Путин дарсликларга кириши учунми? Бу бизнинг урушимиз эмас, келинг, уни тўхтатайлик!”, дейилади хакерлар томонидан эълон қилинган хабар матнида.
Хакерлар улар қолдирган хабар ўчрилишини, баъзилар ишдан бўшатилиб, ҳатто қамалишини айтган.
"Аммо биз энди бунга чидай олмаймиз. Россиянинг бефарқ бўлмаган журналистлари", дея якунланган ТАСС веб-сайтидаги хакерлар хабари.
Худди шундай чақирув “Коммерсантъ” сайтида ҳам эълон қилинган. Қайд этилишича, “Известия”, РБК ва Znak.com порталларига ҳам ҳужум қилинган.
Маълумотларга кўра, Россия оммавий ахборот воситалари сайтларига қилинган ҳужум ортида Anonymous гуруҳи турибди. Ҳисоботда, шунингдек, Украинада 5000 дан ортиқ рус аскари ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар ҳам бор.
Аввалроқ хакерлар Кремль сайтига ҳужум уюштиргани ва Россия Президенти маъмурияти аъзоларининг телефон рақамларини Интернетга тарқатиб юборгани хабар қилинганди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси