Каховка ГЭСи портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 18 кишига етди

Олам

image

Каховка ГЭСининг вайрон бўлиши оқибатида қурбон бўлганлар сони 18 кишига етди, қутқарув операцияси бошланганидан бери 7,5 мингдан ортиқ одам сув тошқини зонасидан эвакуация қилинди. Бу ҳақда Херсон вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Владимир Салдо ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

“Афсуски, сув тошқини қурбонлари сони 18 кишига етди. 93 киши касалхонага ётқизилган. Қутқарувчилар кун давомида 277 нафар аҳолини, операция бошланганидан бери жами 7,5 мингдан ортиқ аҳолини олиб чиқди”, деб ёзади Салдо.

Нашрда қайд этилганидек, сув сатҳи пасайишда давом этмоқда. Вилоят маъмурияти маълумотларига кўра, пасайиш Алешкида 0,1 метр, Голая Пристанда 0,25 метрни ташкил этади. Новая Каховка ҳудудида сув омбори яқинлиги сабабли сув сатҳи тахминан беш метрни ташкил қилади. Аммо шаҳар тумани ҳудудида, таъкидланганидек, барча уйлар тошқиндан бутунлай озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 6 июнь куни эрталаб Украинанинг вақтинчалик Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғон портлаши оқибатида вайрон бўлганди. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолди ва Херсон вилоятида фавқулодда ҳолат жорий қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам мазкур масалани кўриб чиқди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир-бирини айблади. Россия Тергов қўмитаси Каховка ГЭСи вайрон қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатди.

НАТО, Европа Кенгаши ва Германия эса портлашда Россиянинг қўли борлигини айтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса Украина ГЭСга ҳужум қилишни режа қилганини олдиндан билганини билдирди. Каховка ГЭСи ўрнида янги станция қуриш учун камида беш йил вақт ва бир миллиард гривна (27 миллион доллар) керак бўлиши маълум қилинди. 7 июнь куни эса Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ ва Қизил Хочнинг Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолатга муносабатидан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.

Аввалроқ, Каховка ГЭСи тўғонининг вайрон бўлиши сабабли Украинанинг 700 минг аҳолиси ичимлик суви танқислигига дуч келиши мумкинлиги айтилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Каховка ГЭС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг