“Кадастр бўлса кадастр, участкавой бўлса участкавой”. Тўра Боболов қонуний чора кўрилишини айтди
Жамият
−
17 Февраль 2020
17029Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманида содир бўлган воқеа жамоатчиликнинг диққат марказида турибди. Маълум қилинишича, “Халқобод” маҳалласида яшовчи айрим фуқаролар эса “амнистия” муддати тугагандан кейин бу ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонига ноқонуний уй-жой қуриб олишган. ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида жанжал Ҳалқабод маҳалласида жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонида фуқаролар ноқонуний равишда қурган уйларни бузиш вақтида содир бўлган.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасида содир бўлган жанжал туфайли “Халқобод” маҳалласи фуқаролари вакиллари билан учрашган. Учрашувда фуқаролар вилоят ҳокимига бўлган воқеани айтиб, ҳолатга ойдинлик киритишга ҳаракат қилган.
“Президентнинг ер амнистияси тўғрисидаги қарор муддати май ойида тугаган. Бу ноқонуний иморатлар март-апрель ойларида қурилган. Бу ерга кадастр ходимлари келиб, далолатнома тузилган. Огоҳлантириш берганмиз”, дейди мутасаддилардан бири.
“72 нафар шахснинг уйи кадастр бўлган, нимага бизники бўлмади?.. Ҳаммамиз бирга қурганмиз-ку”, дейди аҳоли вакилларидан бири.
Видеода кўриш мумкинми, тўпланган аҳоли орасидан бир кишининг овози эшитилади ва вилоят ҳокими уни ёнига чорлайди. Ҳоким бу шахсга ҳолатга сиёсий тус бермаслик кераклигини уқтиради.
“Ўзбек-тожик дея ажратиш бўлмоқда. Агар ажратиш бўлмаса, нимага шунча одамнинг кадастри қилинди-ку бизники қилинмади? Нега шу 4 кишининг кадастри қолиб кетди?”, дейди яна бир шикоятчи аёл.
Шикоятчиларнинг бу гапидан сўнг, Тўра Боболов масалага тезкор тарзда қонуний чора кўрилишини тайинлаган.
“Ҳаммасини қонуний чорасини кўрасан! “Беспощадный”. Бугун, эрта, 3 кун ичида кўрасан. Ким бўлишидан қатъи назар. Кадастр бўлса кадастр, участкавой бўлса участкавой. Қонуний чора кўрасизлар. Тушунарлими? Тўғри талаб қўйишяпти. Бошқалар қилган ва ноқонуний хужжатлаштириш қилган бўлса бузилади”, дейди вилоят ҳокими қўл остидагиларга қарата. Шунингдек, Тўра Боболов қонуний чоралар шикоятчилар иштирокида кўриб чиқилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Олтинсой туманидаги ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасидаги тўқнашув бўйича Бош прокуратура баёнот берган эди. Унга кўра, туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси