Қўриқлаш хизмати ходими мактабда ўқувчи қизга шаҳвоний шилқимлик қилди
3-саҳифа
−
15:18 1245 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида мактаб қўриқлаш хизмати ходими 6-синф қизга нисбатан шилқимлик қилди. QALAMPIR.UZ бу ҳақдаги суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, воқеа жорий йилнинг 15 сентябрь куни соат 15:30 лар атрофида Шайхонтоҳур туманидаги мактаблардан бирида содир бўлган. Мазкур мактабда шартнома асосида қўриқлаш хизмати ходими бўлиб ишловчи 23 ёшли Ш.Ж. 6-синф ўқувчисининг олдига бориб, унинг белидан ушлаган ва лабидан ўпган. Унинг ҳаракатлари шаҳвоний шилқимлик сифатида баҳоланган.
Шундан сўнг, суриштирув органи Ш.Ж. нинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисми билан квалификация қилиб, ишни кўриб чиқиш учун судга юборган. Бироқ Шайхонтоҳур тумани Жиноят ишлари бўйича суди иш материалларини ўрганиб, ҳолат юзасидан текширув тўлиқ ўтказилмаганини аниқлаган.
Суднинг қайд этишича, Ш.Ж.нинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 129-моддасида (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигига аниқлик киритилмаган. Шунингдек, вояга етмаган қизга нисбатан содир этилган ҳаракатларга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилмаган.
Суд қайта суриштирув давомида иш ҳолатлари ҳар томонлама ўрганилиши, Ш.Ж. ҳаракатларида жиноят аломатлари бор-йўқлиги аниқланиши ва жиноят таркиби мавжуд бўлса, унга нисбатан тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлигини белгилаган.
Шу сабабли маъмурий иш ҳужжатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддаси (материалларни прокурорга топшириш) тартибида Шайхонтоҳур туман прокуратурасига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси