Қўлимизда ҳужжат бор! Қодированинг ўлими ортидаги сирлар очиляпти
Таҳлил
−
05 Ноябрь 2019
65120Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 23 яшар Нодира Қодирова Туркияда “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати Ширин Уналнинг уйида ҳалок бўлган эди.
QALAMPIR.UZ’нинг қўлига Нодира Қодированинг вафоти билан боғлиқ эксклюзив маълумотлар келиб тушди.
Депутат Ширин Унал ўз баёнотида ўлимидан бир неча ой аввал Нодира Қодировада руҳий ўзгаришлар кузатилгани, шу боис уйга бошқа ўзбек хизматчи олингани ҳақида гапирган эди. QALAMPIR.UZ’га маълум бўлича, Нодира Қодирова вафот этган хонадонда ишлаган иккинчи хизматчи 1995 йилнинг 20 мартида таваллуд топган ўзбекистонлик Ҳилола Маҳмуджон қизи Ўнарбоева бўлган.
Маълумки, Нодира Қодирова вафот этган кечада полиция қоидага кўра, уйга келиб, хонадон эгалари ва уйдаги хизматчиларни сўроққа тутган. Булар орасида Ҳилола Ўринбоева ҳам бўлган. У билан суҳбат жараёнида полиция Ҳилоланинг Туркияда бўлиб туриши учун белгиланган визасиз режим муддати тугаганини пайқамаган. ОАВнинг қайд этишича, пайқаган бўлса ҳам Ширин Уналнинг босими остида бу қонунбузарлик экани ва қонун пешвоси – Ширин Уналнинг уйида ҳуқуқбузарликка йўл қўйилаётганини кўз юмилган.
Ҳолбуки, вафот этган 23 яшар Нодира Қодированинг ҳам мамлакатда визасиз бўлиши муддати тугаганига анча бўлган. Бироқ, унинг ўлимига оид ҳужжатлар, ҳеч бир тергов материалларида Қодирова ва Ўнарбоеванинг визасиз Туркияда бўлиб тургани қайд этилмаган. Қолаверса, иккисининг ҳам ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжати (Çalışma izni) ёки яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжати (İkamet izni) бўлмаган. Бу ҳеч шубҳасиз қонун бузилиши бўлиб, бунда ишчи ҳам, уни уйида ишлатган уй эгаси ҳам 18 000 минг турк лираси ёки 3128 АҚШ доллари (05.11.2019даги курс бўйича) жарима тўлаши керак. Шунда ҳам жарима билан иш ёпди-ёпди бўлмайди, аксинча, ҳужжатсиз ишлаганлар мамлакатдан чиқариб юборилади.
Ҳилола Ўнарбоевага келганда бу қонунлар ишламагани кўрилади. Бироқ, Қодирова вафот этиб, ярим тунда полициянинг суриштирувлари тугагач, 24 сентябрь куни Ҳилола Ўнарбоева билан боғлиқ шубҳали ҳодиса рўй беради. Гап шундаки, шу куни Анқара кўчаларида кетаётган Ҳилола Ўнарбоева шубҳали хатти-ҳаракатлари сабаб полиция ходимлари томонидан тўхтатилади. Аввалига тинтув ўтказилади, сўнг паспорти олинади. Компьютер орқали унга оид маълумотлар текширилганда, мамлакатда визасиз бўлиш муддати анча ўтиб кетгани, ноқонуний равишда яшаб келаётгани аниқланади. Ҳужжатлар расмийлаштирилади. Орадан уч кун ўтиб, Ҳилола Ўнарбоева номига “мамлакатни тарк этишга даъват қарори” берилади. Унда эса тарк этиш муддати 16 кун экани маълум қилинади. Бу ҳолатда на Ўнарбоевага ва на уни ноқонуний равишда уйида сақлаган депутат Ширин Уналга жарима тайинланади.
Орадан 16 кун ўтгандан кейин ҳам Ҳилола Ўнарбоева мамлакатни тарк этмайди. Аксинча, у депутат Ширин Уналнинг уйида яшашда давом этади. Бу орада эса уни ноқонуний равишда яшашига ва ишлашига рухсат бергани учун Ширин Уналга нисбатан ҳужжат расмийлаштирилганми ё йўқ, буниси номаълум. Шуниси аниқки, Туркиядаги қонунларга кўра, парламент аъзолари депутатлик муддати тугагунига қадар дахлсиз.
Яна шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, Ҳилола Ўнарбоевага берилган “мамлакатни тарк этишга даъват қарори”да унинг қайси моддага асосан депорт қилинаётгани кўрсатилмаган. Туркиядаги қонунларда эса бу жуда муҳим. Боиси депортлар турлича. Қайси қонун бузилишига қараб, қонунбузар ё жарима билан қутилади, ё 1 йил, ё 3-4-5, боринг ана 7 йилгача Туркияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ҳилола Ўнарбоевага берилган қарорда эса моддалар келтирилмаган.
Ҳужжатлаштиришнинг шубҳа остида экани, Ҳилола Ўнарбоеванинг визасиз яшаб келаётганини уй эшигига, жиноят ҳолати сабаб келган полиция эмас, балки кўчадаги миршабнинг пайқаши, депорт қарори чиқарилгандан 16 кун ўтиб ҳам, у ҳамон депутатнинг уйида яшаб келаётгани “Ширин Унал истаса Ҳилолани мамлакатдан қувиб чиқаради, истаса олиб қолади”, қабилидаги гапларни келтириб чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Нодира Қодированинг вафоти юзасидан тергов ишлари давом этмоқда. Хонадон эгаси Ширин Унал Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилганини таъкидламоқда. Қодированинг акаси эса синглиси жиноят қурбони бўлгани, унга икки жойидан ўқ узилгани, қолаверса, дўппосланганини айтмоқда.
“Дафн маросимидан аввал синглимни ювинтирдилар. Ўша вақт кўрганларимга ишонгим келмаяпти. Менга фақат ўз жонига қасд қилди, танасида бир дона ўқ изи бор дейишганди. Аммо улар иккита. Чап кўкрагининг устида бир ўқ изи бор. Бел қисмининг орқаси, буйрак соҳасига ҳам ўқ узилган. Умумий ҳисобда икки марта ўқ узилган. Ўқ отилган қисмларни эса тикишган.
Темир ёки тўппончанинг орқа тарафи билан уришганми, билмадим, аммо синглимнинг бўйин соҳаси энса қисмида ҳам зарба излари бор эди.
Синглимнинг чап кўзи, қолаверса, танасининг бошқа қисмлари ҳам кўкарганди. Яъни синглимни ваҳшийларча дўппослашган. Синглимнинг жасадини кўрган аёлларнинг айтишича, унинг танасини бўғзидан то пастгача ваҳшийларча йиртишган. Барча ички аъзоларини олиб ташлашган. Синглимнинг ичи бўм бўш эди”, дейди Нодира Қодированинг акаси Муҳаммадали Қодиров.
Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу эса бу ҳолат на “Адолат ва тараққиёт” партияси ва на депутат Ширин Уналнинг босими остида ўрганилмаслиги, ишни шахсий назоратига олганини айтган эди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь