Зафар Хошимов Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан роқабатлашишга бардошлими?
Жамият
−
05 Ноябрь 2019
18753Аввалроқ, Ўзбекистон бозорига Франциянинг Carrefour бренди кириб келаётгани, келаси йил пойтахт Тошкентда унинг учта супермаркети иш бошлаши ҳақида хабар берган эдик. Бу ишларга Ўзбекистон томонидан бош-қош бўлаётган сармоядор эса, албатта, Ортиқхўжаев. Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли “Akfa Group” ширкати ва Carrefour бренди ортидаги “Majid Al Futtaim Retail” ширкати билан шартнома тузган. Хўш, бунга мамлакатдаги маҳаллий тадбиркорлар, жумладан, Carrefour’га асосий рақобатчи бўлиши мумкин бўлган Makro ва Korzinka.uz супермаркетлари қандай қарайди? Улар Carrefour билан рақобатлашишга бардошлими? Бу ҳақда Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Хошимов ўзининг Telegram’даги саҳифасида ёзди.
“Франциянинг Carrefour бренди дўконларининг очилиши ҳақидаги хабар биз учун кутилмаган ҳолат бўлмади. Бу ҳақда гаплар чамаси бир йилдан бери юрган эди. Ростини айтсам, қизиқиб кутган эдик. Чунки Carrefour тармоғининг Ўзбекистонга кириши қатор ижобий янгилик ва қизиқарли лаҳзалар ваъда қилади.
Биринчидан, мамлакатнинг чакана бозори ривожланиши Carrefour каби халқаро иштирокчи эътиборини тортиши даражасига чиққанлиги маҳаллий шароитда сўнгги ўн йилликларда чакана савдони ривожлантириш йўлида тинимсиз ишлаган тармоғимиз учун ўзига хос эътирофдир.
Истеъмол бозорига бундай қизиқиш ва унинг имкониятларини тан олиниши соҳадаги шубҳасиз етакчи сифатида тармоғимизнинг капиталлашувига ижобий таъсир кўрсатади.
Турли брендлар ва форматларнинг пайдо бўлиши бутун бозор ҳамда унинг ҳар бир иштирокчисини ривожлантиришга хизмат қилади, айниқса, истеъмолчилар учун бу жуда яхши янгилик. Ишончим комилки, Carrefour’дан кўплаб жиҳатларни ўзлаштириб, ўрганамиз. Албатта, Carrefour ҳам биз ва бозоримиз ҳақида билиб олишлари керак бўлган хусусиятлар мавжуд.
Иктисодимиз учун янги форматлар ва савдо каналлари, истеъмолчилар учун эса танлов ҳамда хилма-хиллик ошишини англатади. Буларнинг барчаси замонавий савдо формати ҳамда бу формат мижозлари базасини кенгайтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, барча бозор иштирокчилари фақат ютади”.
Зафар Хошимовнинг гапларидан кўриниб турибди ва у ҳақлики, Ўзбекистон бозори, ундаги талаб ва таклиф, ҳудудларга кўра эҳтиёж, қолаверса, халқнинг чўнтаги Carrefour’дан кўра Korzinka.uz’га кўпроқ аён. Аммо Carrefour’нинг ортида унча-бунчаси эмас, Ортиқхўжаев турибди. Хўш, Хошимов бу рақобатдан қўрқадими? У шундай жавоб қилади:
“Рақобатдан қўрқяпмизми? Йўқ.
Тушунтираман. 30 миллиондан ортиқ бозор учун замонавий тармоқ чакана сектори ҳали ҳам кам ривожланган. Ўзингиз учун хулоса чиқаринг, фақатгина пойтахтнинг ўзида бирламчи эҳтиёждаги озиқ-овқат ва зарурий маҳсулотлар ялпи истеъмоли бўйича бутун бошли замонавий чакана савдо тармоқлари улуши атиги 9%. Ва бу, такрор айтаман, вилоятларга тааллуқли эмас. Умуман олганда эса, мамлакатда айни кўрсаткич яна ҳам паст бўлади.
Таққослаш учун, қўшни Қозоғистонда кўрсаткич 45% дан ортиқ, Россия эса 75% дан ортиқни ташкил этди. Европа ва АҚШда айни рақамлар 90%га яқинлашиб қолган.
Бизнинг бозор ҳали ўсиши керак, унинг тўлиб кетиши, кескин рақобат ҳосил бўлиши учун хали анча бор. Бизда, маҳаллий замонавий савдо тармоқларида ҳозирча битта умумий асосий рақиб - бозорлар ва тизимсиз савдо мавжуд. Биз, яъни мавжуд замонавий чакана савдо иштирокчиларига, мавжуд ютуқларимизга қарамасдан, бу жангда ёлғиз курашиш жуда мушкул эди. Шундай экан, сафимизга янги жангчини мамнуният билан қабул қиламиз, айниқса, у олиб келадиган воситалар ва билимларнинг бутун тажрибаси ва арсеналини ҳисобга олганда, бу жуда салмоқли ёрдам.
Korzinka.uz ҳақида гапирадиган бўлсак, биз, ҳар доимгидек, шиддатли, куч-қувватга тўла ва янги ютуқлар ҳамда кашфиётларга тайёрмиз. Ва энг муҳими, харидорларимизга доим содиқ қоламиз, тақдим этилаётган хизматлар ва маҳсулотларимиз сифатини янада ривожлантирамиз.
Биз билан қолинг, аминманки, яқин келажак ҳеч кимни зериктирмайди!”
Қайд этилишича, келгуси йилда пойтахт Тошкентда учта супермаркет ва битта гипермаркет очилади ва қўшимча учта савдо дўкони 2021 йилда очилиши режалаштирилган.
Carrefour супертмаркетлари иш бошлагач 2500 иш ўрни яратилади ва 600 дан ортиқ маҳаллий этказиб берувчилар, ишлаб чиқарувчилар, фермерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Carrefour компаниясига 1957 йилда асос солинган. Унинг биринчи гипирмеркети 1963 йилда очилган.
“Akfa Group” компаниясига эса 2005 йилда асос солинган бўлиб, ширкат Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли.
Зафар Хошимов эса чакана савдодадаги фаолиятини 1996 йилда Anglesey Food Company номи остида бошлаган. 2001 йилга келиб копмания рембрендингни бошдан кечирди ва бозорга Korzinka.uz юз тутди. Бугун республиканинг нуқталарига эга бўлган супермаркетлар тармоғи харидорлар орасида нарх сиёсати билан эътибор қозонган.