Қозоғистонда талатўп бошланиши сабабчиси қамоққа олинди

Олам

image

Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Жумабай Карағаев Манғистау вилоятида суюлтирилган газ нархининг асоссиз оширилишига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакат Молиявий мониторинг агентлиги маълум қилди.

Бугун, 15 январь куни эрталаб ҳукумат матбуот хизмати Карағаевнинг лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берган эди. Ўз навбатида, бир қатор оммавий ахборот воситалари манбаларга таяниб, вазир ўринбосари ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди.

“Молиявий мониторинг агентлигининг Манғистау вилояти ҳудудий бошқармасининг тергов гуруҳи томонидан Қозоғистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Жумабай Карағаев ҳамда электрон савдо майдончалари раҳбарлари ва суюлтирилган газ нархини асоссиз равишда оширишга алоқадор шахслар қўлга олинди”, дейилади агентлик хабарида.

Матбуот хабарига кўра, суд қарори билан Карағаевга нисбатан тергов органи томонидан танланган ва вилоят прокуратураси томонидан қўллаб-қувватланган икки ой муддатга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

“Тергов давом этмоқда. Тергов манфаатларига дахлдор бошқа маълумотлар ошкор этилиши мумкин эмас”, дейилади хабарда.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

213

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made