“Россия буюк, лекин ҳақиқат ундан-да буюк”. Хитой ҳам Украинани, ҳам Россияни қўллаб чиқди

Олам

image

Хитой барча мамлакатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат ҳамда ҳимоя қилиш тарафдори. Ушбу позиция изчил ва аниқ, у Украинага ҳам тааллуқли. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И баён қилган Украина атрофидаги вазият юзасидан Пекиннинг бешта тезисида келтирилган.

Ван Ининг қайд этишича, НАТОнинг шарқ томон кенгайишининг кетма-кет беш босқичида Россиянинг хавфсизлик бўйича қонуний талаблари жиддий қабул қилиниши ва тегишли тарзда кўриб чиқилиши керак. Хитой умумий, кенг қамровли ва барқарор хавфсизлик концепцияси тарафдори. Минтақавий хавфсизликни ҳарбий гуруҳларни кучайтириш ёки ҳатто кенгайтириш йўли билан таъминлаб бўлмайди.

“Хитой Украинадаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда, ҳозирги ҳолат — биз кўришни истаган нарса эмас. Украинадаги вазият ёмонлашиши ёки назоратдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик учун зарур шароитларни яратиш керак. Тинч аҳолининг ҳаёти ва мулк хавфсизлиги йирик гуманитар инқирозларнинг олдини олиш учун самарали кафолатланиши лозим”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, Хитой Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилишга ёрдам берадиган барча дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради. Россия ҳамда Украина ўртасида тўғридан тўғри диалог ва музокараларнинг тезроқ бошланишини олқишлайди. Украина Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк бўлиши керак, буюк кучлар тўқнашувининг чегараси эмас.

“БМТ Хавфсизлик кенгаши Украина масаласини тартибга солишда конструктив рол ўйнаши, шунингдек, минтақавий тинчлик, барқарорлик ва барча мамлакатлар умумий хавфсизлигига устувор аҳамият бериши керак”, дейилади баёнотда.

Ван Ига кўра, тинчлик ва хавфсизлик ҳақида гап кетганда, Хитой энг яхши натижаларга эришган йирик давлатдир. У ҳеч қачон бошқа мамлакатларга бостириб кирмаган, ҳеч қачон таъсир доираларини қидирмаган, прокси урушларда ва ҳарбий блоклар тўқнашувларида қатнашмаган. Хитой тинч тараққиёт йўлидан боради ва инсоният келажаги умумий бўлган ҳамжамият қуриш тарафдори.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

181

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг