Қорақалпоғистондаги намойишлар Ўзбекистонга неча миллиард зарар келтиргани айтилди
Жамият
−
18 Июль 2022
18837Қорақалпоғистон Республикасида рўй берган оммавий тартибсизликлар сабаб фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд 147 млн сўм зарар етказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йил 16 июль ҳолатига кўра, Бош прокуратура тергов-тезкор гуруҳи томонидан ўтказилган тергов ҳаракатлари доирасида:
● ҳодиса юз берган ҳудудлар ва жойлар эксперт ва мутахассислар иштирокида тўлиқ кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 550 дан ортиқ ашё ва нарсалар расмийлаштириб олинди;
● етказилган зарарнинг ҳақиқий миқдорини аниқлашга қаратилган чоралар кўрилиб, ҳозирга қадар фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд 147 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланди;
● жиноят содир этган шахсларни фош этишга қаратилган тадбирлар доирасида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, белгиланган тартибда ушланган фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқи адвокат орқали амалга ошириши тўлиқ таъминланган, уларнинг ушланганлиги ва қамоққа олинганлиги ҳамда сақланаётган жойи ҳақида яқин қариндошларига белгиланган тартибда хабар берилган.
Шамсутдиновнинг сўзларига кўра, сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар тўла таъминланган. Ушланганларнинг соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас.
“Маълум қиламизки, тергов-тезкор ҳаракатлари жиноят-процессуал қонунчилик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик тамойиллари ва талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда олиб борилмоқда, терговга жалб қилинаётган шахсларнинг қонунда белгиланган барча процессуал ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш чоралари кўрилган.
Шу билан бирга, терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида оммавий тартибсизликлар давомида ҳуқуқ-тартибот органлари – хавфсизлик кучлари ҳаракатларининг қонунийлиги ҳам тергов йўли билан текширилмоқда”, дейди БП вакили.
Ҳаёт Шамсутдинов терговнинг шаффофлигини таъминлаш учун оммавий ахборот воситаларида терговнинг бориши ва натижалари ҳақида маълумотлар тақдим этилиши йўлга қўйилганини таъкидлаб, баъзи хорижий ижтимоий тармоқларда воқеада иштирок этган айрим фуқаролар бедарак йўқолганлиги ҳақида мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган “фейк” хабарлар тарқатилаётганини қўшимча қилди.
"Ваҳоланки, тармоқларда тарқатилган рўйхатда кўрсатилган бир қисм фуқаролар ўз яшаш уйида эканликлари, бир қисми Қорақалпоғистон ҳудудидан четга чиқиб кетганликлари, айримлари эса, умуман мавжуд бўлмаган шахслар эканлиги аниқланди. Шундай бўлса-да бу ҳолат ҳам Бош прокуратура тезкор-тергов гуруҳи томонидан назоратга олинди ва ҳозирги вақтда яна бир бор чуқур ўрганиб чиқилмоқда", дейди у.
Бош прокуратура вакили Қорақалпоғистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар юзасидан бирон-бир маълумотга ёки ишга алоқадор ашёларга эга бўлган фуқаролардан, уларни тергов-тезкор гуруҳига тақдим этишни сўраган.
"Зотан, терговни холисона ва қонуний амалга оширишда Сизнинг кўмагингиз ва ҳамкорлигингиз ҳам муҳимдир. Бош прокуратура тергов-тезкор гуруҳи Сиз билан қонун доирасида яқин ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини маълум қиламиз", дея сўзини якунлаган Шамсутдинов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
Жорий йилнинг 15 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилди. Унга Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова раислик қилади.
LiveБарчаси