Қорақалпоғистондаги намойишлар сабаб қамалган яна 38 киши озод қилинди
Жамият
−
14 Октябрь 2022
5677Бугун, 14 октябрь куни Қорақалпоғистондаги тартибсизликларда гумон қилинган 38 киши депутатлар кафолати эвазига уйларига қайтди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Матбуот хизмати маълумл қилди.
Дастлаб Қорақалпоғистонда содир бўлган тартибсизликларда гумон қилинган 22 нафар фуқаро Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг сўрови ҳамда депутатлик кафолатлари ҳамда шахсий дахлсизлик тамойили асосида уйларига қайтарилган. Кейинроқ уларнинг қаторига яна 16 киши қўшилган.
“Намойишларда иштирок этганликда гумон қилиниб, олиб кетилган шахслар содир этган жиноятидан пушаймонлиги, оила аъзолари берган мурожаатлар ўрганилиб, улар ягона боқувчи экани инобатга олиниб, озодликка чиқаришга қарор қилинди”, дейилади хабарда.
Жорий йилнинг август ойида тартибсизликларда иштирок этган 34 нафар фуқаро оиласига қайтганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси