Қорақалпоғистондаги талатўплар ортидан қамалганларнинг яна 10 нафари оиласига қайтарилди
Жамият
−
30 Август 2022
8105Қорақалпоғистондаги намойишларда иштирок этганликда гумонланаётган яна 10 нафар шахснинг қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғига алмаштирилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистонда июль ойи бошида содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия маълум қилди.
“Бугун Комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, Бош прокуратура томонидан 24 нафар гумонланувчининг жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилгани ҳақида хабар берган эдик.
Шу куннинг ўзида яна 10 нафар фуқаронинг қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилди.
30 август кунининг ўзида жами 34 нафар фуқаро инсонпарварлик тамойили асосида оиласи бағрига қайтарилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Бош прокуратурага киритилган рўйхат, намойишларда иштирок этганликда гумон қилиниб, олиб кетилган шахсларнинг оила аъзолари томонидан Комиссияга қилинган мурожаатларининг ўрганилиши ва гумонланувчилар билан шахсан суҳбатлашиш асосида шакллантирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди
LiveБарчаси