Қодиров исталган Ғарб армиясини енгиш йўлини айтди

Олам

image

Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ярмини “махсус ҳарбий операция”да қатнашиш учун сафарбар қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзган.

Қодировга кўра, мамлакатда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг умумий сони 5 миллионга яқин.

“Агар биз захирадагиларни тенгламадан чиқариб ташласак ҳам, бизда яхши жисмоний тайёргарлик ва қурол-яроғдан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлган жуда кўп ходимлар мавжуд: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Федерал суд ижроси хизмати, Федерал хавфсизлик хизмати, Федерал қўриқлаш хизмати, Ташқи разведка хизмати, Федерал жазони ижро этиш хизмати, Федералбожхона хизмати, прокуратура, Тергов қўмитаси. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбий бўлимлар билан биргаликда бу спорт меъёрларини мунтазам равишда топширадиган 5 миллионга яқин киши. Агар сиз ходимларнинг 50 фоизини офисда қолдирсангиз, уларнинг иккинчи ярми 2,5 миллион киши миқдорида ҳар қандай Ғарб армиясини йўқ қилади. Захира эса керак бўлмайди”, деб ёзган Қодиров.

Унинг фикрича, ушбу бўлимлар раҳбарлари аллақачон иш жараёнини оптималлаштиришни бошлашлари мумкин эди.

“Россия улкан давлат ва унда жуда кўп ресурслар борки, НАТО ва Ғарб ҳисоблашдан чарчайди, ҳарбий ресурслар эса тасаввур қилгандан ҳам кўп”, дея қўшимча қилди минтақа раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Президент Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра биринчи босқичда 300 минг Россия фуқароси фронтга юборилади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made