Қайнонасининг уйида нарколаборатория ташкил қилган эркак ушланди (видео)
3-саҳифа
−
25 Март
4741Наманган вилоятининг Косонсой туманида қайнонасининг яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида Наманган вилоятининг Косонсой туманида ўтказилган тезкор тадбирда 2001 йилда туғилган шахс синтетик гиёҳвандлик воситаларини “закладка” тарзида жойлаштираётган вақтида қўлга олинган. Шунингдек, у ўз қайнонасининг яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилгани аниқланиб, тинтув тергов ҳаракатлари давомида ушбу манзилдан 9 кг 450 гр мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинган. Бундан ташқари, мазкур фуқаро томонидан мижозларга сотиш мақсадида хуфия жойларга қолдирилган жами 595 гр мефедрон моддаси ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Сариосиё туманида яшовчи 1977 йилда туғилган муқаддам судланган шахс тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Узун тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 82 кг 478 гр “опий” моддасини олиб, маҳаллий фермер хўжаликларидан бирининг нотурар биносига яшириб қўймоқчи бўлган вақтида ушланган.
Аниқланишича, у 2 минг АҚШ доллари хизмат ҳақи эвазига тожикистонлик наркосавдогарнинг кўрсатмасига асосан ушбу гиёҳвандлик воситасини келгусида белгиланган жойга етказиб бериши керак бўлган.
Бошқа ҳолатда эса Россия Федерациясидан халқаро почта жўнатмалари орқали бошқа товар номи остида пластик идишда юборилган 7 кг 313 гр синтетик каннабиноид аналоги бўлган 5-Fluro-ADB гиёҳванд моддасини қабул қилиб олганларида Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи, 2001 ва 2002 йилларда Қашқадарё вилоятида туғилган 2 нафар шахс ДХХ ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган.
Аниқланишича, улар WhatsАpp мессенжери орқали танишган номаълум профил эгаси топшириғига кўра, 500 АҚШ доллари эвазига ушбу ажал оғусини Тошкент шаҳридан Самарқанд вилоятига етказиб беришлари керак бўлган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур наркотик моддани Самарқанд вилоятида қабул қилиб олган вақтида Пастдарғом туманида яшовчи 2001 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ҳам ушланган.
Улардан бирининг Самарқанд шаҳридаги хонадони кўздан кечирилганда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун мўлжалланган яширин лаборатория ташкил қилингани маълум бўлган.
Билдирилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 48 килограммдан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинган эди.
LiveБарчаси