Сурхондарёда наркотик савдоси билан шуғулланган ота-болалар қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
25 Февраль
5984Ўзбекистонга Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 48 килограммдан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Денов туманида истиқомат қилувчи 1984 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Тожикистондан Ўзбекистонга айланма йўллар орқали наркотик моддаларни олиб келиб, сотиш билан шуғулланаётгани аниқланиб, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилган. Натижада хонадон ертўласидан 576 гр “героин”, 2 кг 447 гр “опий” ва 1 кг 913 гр “гашиш” моддалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, унинг муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган, 1956 йилда туғилган отасидан 9 кг 62 гр “гашиш” моддаси ҳамда келиб чиқиши ноаниқ бўлган 137 минг 460 АҚШ доллари ва 569 млн 832 минг сўм олинган.
Бундан ташқари, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган, 1980 йилда туғилган акаси ва Узун туманида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган жиноий шериги ҳам қўлга олиниб, жиноий шеригининг уйидан ҳам келиб чиқиши ноаниқ бўлган 159 минг 400 АҚШ доллари олинган.
ДХХнинг Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида Янгиқўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Янгиқўрғон-Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган автобус тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган, мазкур туманда яшовчи, 1999 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар фуқарога тегишли сумкаларда жами 19 кг 915 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув давомида, улар гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиш мақсадида Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келгани маълум бўлган.
Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда эса Марҳамат туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган муқаддам судланган шахс “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасининг мазкур туман ҳудудидан ўтувчи қисмига келиб, аввалроқ Қирғиз Республикаси фуқароси томонидан контрабанда йўли билан ўтказиб берилган 4 кг 931 гр “опий” ва 9 кг 949 гр “гашиш” моддаларини олиб, қайтаётган вақтида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Тошкент вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда 111 кг наркотик модда мусодара қилинган эди.
LiveБарчаси