Самарқанд ва Тошкентда 111 кг наркотик мусодара қилинди (видео)

3-саҳифа

image

Самарқанд ва Тошкент вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда 111 кг наркотик модда мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Панжикент туманидан айланма йўллар орқали 10 кг 894 гр “опий” моддасини Ургут тумани ҳудудига олиб келган Тожикистон фуқаролари – 1980, 1982, 1989 йилларда туғилган 3 нафар ака-ука қўлга олинган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган Ургут туманида истиқомат қилувчи 1982 йилда туғилган аёл ҳам ушланиб, унинг яшаш хонадонида сақланаётган 13 кг 85 гр “опий” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.  

Бундан ташқари, “ўзбек-тожик” давлат чегарасининг Тошкент вилояти Бекобод тумани “Турон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Мастчох туманидан Бекобод туманига оқиб ўтувчи Далварзин канали орқали оқизиб юборилган 3 дона елим идишдаги жами 8 кг 381 гр “опий” ва 59 кг 296 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олиш мақсадида чегара ҳудудига келган вақтида Бекобод шаҳри ва туманида истиқомат қилувчи 1985, 1989, 1996 ва 1997 йилларда туғилган 4 нафар фуқаро қўлга олинган. Улардан 2 нафари муқаддам судланган шахслар бўлган. Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми ва 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.  

Бекобод туманида қайд этилган яна бир ҳолатда “ўзбек-тожик” давлат чегарасидан тахминан 400-500 метр узоқликдаги дала майдонида муқаддам номаълум шахслар томонидан қолдириб кетилган 1 дона спорт сумкаси ичида 3 кг  942 гр “опий” ва 15 кг 473 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гиёҳвандлик воситаларини қолдириб кетган шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятидаги далаҳовлида марихуана етиштириш учун лаборатория ташкил қилган фуқаро ушланган эди. Далаҳовлидан жами 200 туп марихуана ўсимлиги ҳамда тахминан 5 кг оғирликдаги қуритилган марихуана кукунлари топилиб, ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Самарқанд наркотик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг