Қуръон таҳқирланиши ортидан Ироқ Швеция элчисини ҳайдади
Олам
−
21 Июль 2023
5132Ироқ ҳукумати Швециянинг Бағдоддаги элчисидан мамлакатни тарк этишни сўради. Бу ҳақда Ироқнинг INA расмий агентлиги хабар берди.
Айтилишича, Бағдод маъмурияти Стокгольмда Қуръонга қилинган ҳужумлар туфайли Швеция элчиси Жессика Свардстрёмга мамлакатни тарк этиши кераклигини билдирган. Ироқ Вакиллар кенгаши (парламент) ҳам ҳукуматнинг бу қарорини қўллаб-қувватлаган.
Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Суданий Ташқи ишлар вазирлигига Ироқнинг Швециядаги муваққат ишлар вакилини чақириб олишни топширган.
Шунингдек, расмий Бағдод Швеция ҳукуматини Қуръонни ёқиш ҳодисаси такрорланса, дипломатик муносабатларни узиш ҳақида огоҳлантирган.
Гап шундаки, кеча, 20 июль куни Стокгольм полициясининг рухсати билан Ироқ элчихонаси яқинида акция бўлиб ўтган. Унда 37 ёшли ироқлик муҳожир Сальван Момика мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нусхасини тепган, шунингдек, кроссовкасини Ироқ миллий байроғи ва Ироқнинг таниқли арбобларининг суратлари билан артган. Айтиш жоизки, у олдин ҳам Стокгольмда Қуръонни таҳқирлаган эди.
“Бу чоралар Швеция ҳукуматининг муқаддас Қуръонни ёқиш, исломий зиёратгоҳларни ҳақорат қилиш ва Ироқ миллий байроғини ёқишга бир неча бор рухсат берганига жавобдир”, деган Ироқ Бош вазири Швеция элчисининг мамлакатдан чиқариб юборилишини изоҳлар экан.
Бундан ташқари, Ироқ ҳукумати Швециянинг Ericsson Telecom телекоммуникация компаниясининг мамлакатдаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. Бунга ҳам Швеция ҳукуматининг муқаддас Қуръон ва Ироқ давлати байроғини ёқишга рухсат бергани сабаб қилиб кўрсатилган.
Ироқ Алоқа вазири Хиям Абуд Козим ал-Ясири ҳам ўз идораси даражасида Швеция компаниялари билан бизнес юритишни тўхтатган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 июль куни Стокгольмда намойиш ташкилотчилари рўйхатдан ўтиш вақтида митинг учун Ироқ байроғи ва Қуръонни ёқиб юбормоқчилигини билдирганди. Бунга жавобан Ироқ шиаларининг вакили Муқтада Садр Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси олдида намойишлар ўтказишга чақирган. Шундан сўнг Бағдодда намойишчилар Швеция элчихонаси биносига бостириб кириб, уни ёқиб юборди. Бағдод хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлардан фойдаланган. Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги намойишчиларнинг ҳаракатларини қоралади. Сўнгги маълумотларга кўра, Ироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари аллақачон Швеция элчихонаси биносига ўт қўйишда гумон қилинган 20 кишини ҳибсга олган.
LiveБарчаси