Бағдодда намойишчилар Швеция элчихонасига ўт қўйди
Олам
−
20 Июль 2023
5940Ироқ пойтахти Бағдодда намойишчилар Швеция элчихонаси биносига бостириб кириб, уни ёқиб юборди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Ироқ пойтахтида бўлиб турган AFP мухбирининг маълум қилишича, 20 июлга ўтар кечаси бинодан тутун кўтарилган.
Воқеа Стокгольмда Ироқ элчихонаси олдида ўтказилиши режалаштирилган намойишдан олдин содир бўлган. Швециянинг TT ахборот агентлигига кўра, ташкилотчилар рўйхатдан ўтиш вақтида митинг учун Ироқ байроғи ва Қуръонни ёқиб юбормоқчилигини билдирган.
Бунга жавобан Ироқ шиаларининг вакили Муқтада Садр Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси олдида намойишлар ўтказишга чақирган.
“Reuters” агентлигининг қайд этишича, акцияда юзлаб одамлар иштирок этган. Намойишчилар элчихонага ўт қўйган.
Агентлик Швеция Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, Ироқ пойтахтидаги элчихона ходимлари хавфсиз эканини хабар қилган.
Шунингдек, Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига уюштирилган ҳужумни қоралаб баёнот берди.
"Ироқ ҳукумати ваколатли хавфсизлик органларига воқеа ҳолатларини аниқлаш, ушбу ҳаракат учун айбдорларни топиш ва уларни қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун зудлик билан тергов ўтказиш ва зарур хавфсизлик чораларини кўришни буюрди", дейилади хабарда.
Швецияда Қуръон ёқилиши
Жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг марказий майдонларидан бирида 37 ёшли ироқлик муҳожир томонидан Қуръон китоби ёқиб юборилганди. Бунга нисбатан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўз норозилигини билдирди. Жумладан, Россия Президенти Владимир Путин Қуръоннинг ёқилиши динлараро адоват қўзғашини айтиб, бу ҳолат жиноят дея баҳоланишини ҳамда унга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Путинга унинг Доғистонга сафари давомида Қуръон совға қилишганди.
Расмий Анқара ҳам Қуръоннинг ёқилиши юзасидан Швецияга нисбатан норозилигини билдириб, ушбу мамлакат учун НАТОга аъзо бўлиш “орзу” бўлиб қолишини маълум қилган. Европа Иттифоқи Швециядаги воқеалар бўйича ўз позициясини билдириб, муқаддас китобларнинг ёқилиши ҳақорат, ҳурматсизлик ва очиқ-ойдин провокация эканини билдирган. Шунингдек, Қуръонни ёқиш бўйича акция Иттифоқ фикрини акс эттирмаслигини айтиб ўтган.
АҚШ ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, Швециядаги мусулмонларнинг ҳуқуқларидан хавотирда эканини билдирган. Ироқ Қуръонни ёққан одам унинг фуқароси эканини даъво қилиб, Швециядан уни экстрадиция қилишни талаб этганди. Ироқда, шунингдек, футбол бўйича миллий чемпионатнинг “Ал-Шорта” ва “Ал-Қосим” жамоалари ўртасидаги ўйинда Швецияда Қуръоннинг ёқилишига қарши акция ўлароқ футболчи ва ҳакамлар майдонга Қуръон китоблари билан чиқишди.
2 июль куни эса Ислом ҳамкорлик ташкилотида Швецияда Қуръоннинг ёқилиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилганди. 3 июль куни Рим папаси Франциск Швецияда Қуръон ёқилишини кескин қоралаб, бу ҳолат уни ғазаблантирганини маълум қилди. 5 июль куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаганди.