Саддам Ҳусайннинг 35 йилдан бери сақланаётган самолёти сотилади
Олам
−
2242 3 дақиқа
Ироқ 1991 йилдан бери Тунисда сақланаётган иккита Boeing 747 самолётини сотувга чиқарди. Уларнинг умумий қиймати 1,8 миллион долларга баҳоланган. Самолётлардан бири Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн даврида ҳукумат эҳтиёжлари учун фойдаланилган. Бу ҳақда “The Economic Times” хабар берди.
Маълум қилинишича, сотувга қўйилган самолётлардан бири 1982 йилда ишлаб чиқарилган, YI-ALM рўйхат рақамига эга Boeing 747SP ҳисобланади. “Ал-Қодисия” деб номланган ушбу самолёт махсус ҳукумат рейслари учун жиҳозланган. Унинг салонида ётоқли ўриндиқлар, конференция хонаси ва алоҳида хоналар мавжуд.
Самолёт 1991 йил январидан буён Тунис жанубидаги Тозер-Нефта аэродромида турибди. Санкциялар, молиявий низолар ва сақлаш харажатларининг ортиб бориши уни Ироққа қайтаришга тўсқинлик қилган. Iraqi Airways компанияси Саддам Ҳусайн айнан шу самолётда учганини расман тасдиқламаган. Шунга қарамай, унинг махсус жиҳозланиши ва сақланиб қолган фотосуратлар бу тахминни кучайтиради. Жумладан, 1983 йил октябрида самолёт Ҳусайн иштирокидаги ҳукумат музокаралари вақтида Лондонда бўлган. 1986 йилда эса Ироқ раҳбари Москвага ташрифи чоғида Boeing 747SP самолёти олдида суратга тушган.
Сотувдаги иккинчи самолёт YI-AGP рўйхат рақамига эга Boeing 747-200 бўлиб, у йўловчи ва юк ташиш учун ишлатилган. Ҳаво кемаси 330 нафаргача йўловчини ташишга мўлжалланган.
Самолётлар ҳозирги ҳолатида сотилмоқда ва уларга ҳеч қандай техник кафолат берилмайди. Iraqi Airways уларнинг қайта парвоз қила олиши мумкинлиги ҳақида маълумот бермаган. Тунис оммавий ахборот воситалари эса самолётларни парвозга яроқсиз деб баҳоламоқда.
Харидор самолётларни олиб чиқиш, божхона расмийлаштируви ва солиқлар билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олади. Савдода қатнашиш учун ҳар бир самолёт бўйича 180 минг доллар миқдорида кафолат пули киритиш талаб этилади.
Аввал ҳам самолётларни сотишга уринишлар бўлган, аммо натижа бермаган. 2023 йилда Ироқ уларнинг ҳар бири учун 494 минг доллар сўраган. Тозер аэропортида самолётларни узоқ вақт сақлаш мамлакатга қимматга тушган: 2020 йилда Ироқ бу борада тўпланган қарийб 5,4 миллион доллар қарзни тўлаган. Агар 2027 йил январгача харидор топилмаса, Iraqi Airways самолётларни металлоломга топшириш имкониятини кўриб чиқиши мумкин.
Саддам Ҳусайн ким эди?
Саддам Ҳусайн (1937–2006) – Ироқнинг собиқ президенти ва “Баас” партияси раҳбари. У 1979–2003 йилларда мамлакатни бошқарган. Ҳукмронлиги даврида Ироқ 1980–1988 йилларда Эрон билан уруш олиб борган. 1990 йилда эса унинг буйруғи билан Ироқ қўшинлари Қувайтга бостириб кирган. Бу воқеа 1991 йилги Форс кўрфази урушига сабаб бўлган.
2003 йилда АҚШ бошчилигидаги ҳарбий амалиёт натижасида Ҳусайн ҳокимияти ағдарилган. У шу йил декабрь ойида Тикрит яқинидаги ерости бошпанасида қўлга олинган. 2006 йилда Ироқ суди уни Эд-Дужайлда 148 нафар шиани ўлдиришда айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм қилган. Ҳукм 2006 йил 30 декабрда Бағдодда ижро этилган.
Live
Барчаси