Имомўғли Туркия президентлигига номзод этиб тасдиқланди
Олам
−
27 Март
9067Туркиянинг асосий мухолиф партияси – Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлини 2028 йилги президентлик сайловларида мамлакат раҳбари лавозимига номзод сифатида тасдиқлади. Бу ҳақда NTV хабар берди.
Қайд этилишича, тегишли қарор бугун, 27 март куни партия йиғилишида қабул қилинган. Шунингдек, жорий йилнинг 6 апрель куни Жумҳурият халқ партиясининг навбатдан ташқари қурултойини ўтказиш режалаштирилган.
Партия етакчиси Ўзғур Ўзел журналистларга берган баёнотида Туркияда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш учун имзо йиғиш жараёни бошланишини маълум қилган. Унинг мақсади – 28 миллион имзо йиғиш ва амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 27,7 миллион овозини ортда қолдириш.
Ўзғур Ўзел, шунингдек, ҳафта охирида Малтепеда бўлиб ўтадиган намойишлар давом эттирилишини билдирган. У Анқара, Измир, Анталия ва Мерсин каби йирик шаҳарларда “Менинг номзодимни қолдиринг” шиори остида акциялар ўтказишини эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзғур Ўзел ЖХП праймеризида ҳибсга олинган Экрем Имомўғлининг президентликка номзод сифатида илгари сурилиши учун деярли 15 миллион киши овоз берганини билдирганди.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.
Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.
LiveБарчаси