Имомўғли судга олиб келинди. Ишга 30 прокурор жалб қилинди (видео)

Олам

image

Ҳибсга олинган Истанбул ҳокими Экрем Имотўғли бугун, 22 март куни Истанбул полиция бошқармасида баёнот бериш тартиб-таомиллари якунлангач, Истанбул суд биносига олиб келинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Истанбул Бош прокуратураси 14 автобусда Чағлаяндаги суд биносига юборилган 90 нафар гумондор учун 30 нафар прокурор тайинланган. Катта полиция карвони ҳам автобусларга ҳамроҳлик қилди.

Суд биносига киритилмаган адвокатлар Истанбул Бош прокурори Акин Гурлекга норозилик билдирди.

Кеча, 21 март куни коррупция айбловлари билан боғлиқ 121 саҳифалик саволларга жавоб берган Имотўғли террор тергови доирасида бугун, 22 март куни 5 соат давомида кўрсатма берди. 18 саҳифалик ҳимоясидан сўнг Имомўғли соғлиғи текширилди ва прокурорга сўз бериш учун Истанбул судига олиб кетилди.

Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши

19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.

Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.

Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.

Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Истанбул Экрем Имотўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг