“Илҳом” ўз жойида қолади – Озодбек Назарбеков
Жамият
−
11 Февраль 2020
8845Аввалроқ, пойтахт Тошкентда жойлашган “Илҳом” театри биносидан ажралиб қолаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдиргани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳолатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков муносабат билдириб, “Илҳом” театрини сақлаб қолиш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.
“Сўнгги кунларда шов-шувга сабаб бўлиб келаётган, кенг жамоатчилик эътиборида турган масала бу “Илҳом” театрининг келажаги ҳақидадир.
10 февраль куни ушбу масала юзасидан “Илҳом” театри бадиий раҳбари Борис Гафуров ҳамда театр жойлашган бино раҳбарлари билан учрашдим. Учрашувда нафақат Ўзбекистонда, балки, хориж мамлакатларида ҳам ўз довруғи ва мухлисига эга бўлган "Илҳом" театри ўз жойида қолишига келишиб олинди.
Маданият ва санъат Маданият вазирлигининг доимий ҳимоясидадир. Бундан буён “Илҳом” театрининг ижодий фаолияти ҳам ҳар томонлама вазирлик томонидан қўллаб-қувватланади”.
Эслатиб ўтамиз, театр маъмурияти жорий йилнинг 7 февраль куни “Шодлик” меҳмонхонаси янги соҳиби "OFELOS PLAZA" МЖЧдан бинони бўшатиб қўйиш ҳақида расмий мактуб олган.
Театр фаолият юритаётган ҳозирги бино 1976 йилда театр асосчиси Марк Вайлга берилган. 1994 йилда хусусийлаштиришдан сўнг театрдан беғараз асосда фойдаланган. “Шодлик” меҳмонхонасининг аввалги раҳбари билан 2023 йилгача ижара шартномаси тузилган.