Гордон Ўзбекистонда Эрон дронлари ишлаб чиқарилади деб, хато қилганини тан олди

Олам 7615
image
-

Украиналик журналист Дмитрий Гордон Ўзбекистонда Россияга юборилаётган Эрон жарговар дронлари ишлаб чиқарилишини айтиб адашганини тан олди. У “Гордонникида меҳмонда” лойиҳасининг навбатдаги сонида Ўзбекистонни эмас, Тожикистонни назарда тутганини айтди.

“Аслида мен Ўзбекистонни эмас, Тожикистонни назарда тутгандим. Тилим эса Ўзбекистон сўзини талаффуз қилди. Ўзбекистонда дрон заводи мавжудлиги маълум, аммо унинг Эронга алоқаси борлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Мен Тожикистонни назарда тутдим. Ҳозир буни такрорлашни хоҳлардим, шуни айтмоқчиманки, Тожикистонда эронликлар кейинчалик россияликлар украиналикларни ўлдираётган дронларни ишлаб чиқаришмоқда. Истардимки, гапим хато бўлса, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги буни рад этсин”, деди у.

Журналистнинг алоҳида таъкидлашича, у “ҳеч қандай ҳолатда ҳам” Ўзбекистон давлатига соя ташламоқчи эмас.

“Мен чин дилдан ҳурмат қиладиган ва севадиган ўзбеклар, Ўзбекистон фуқаролари ҳақида нима дейишим мумкин. Бу ўзининг меҳмондўстлиги ва самимийлиги билан мадҳ қилинадиган ўлка. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида кўплаб украиналикларга бошпана берган замин. Яна бир бор такрор айтмоқчиманки, Ўзбекистоннинг Эрон дронлари ишлаб чиқарилгани ҳақида эълон қилган маълумотларимга ҳеч қандай алоқаси йўқ”, дейди Дмитрий Гордон.

Шунингдек, у Ўзбекистон халқига “фашистик Россия ҳужуми туфайли ҳозир рўй бераётган Украина фожиасига бефарқ бўлмагани ҳамда уларни қўллаб-қувватлагани” учун миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, журналист Дмитрий Гордон исроиллий миллиардер Леонид Невзлин билан суҳбатда Эроннинг Россияга бераётган дронлари дастлаб, Ироқ, Сурия ва Ўзбекистонда йиғилишини айтганди. Бу ўзбекистонликлар орасида кескин норозиликка сабаб бўлди. Депутат Алишер Қодиров бу маълумот хато эканини ва расмийлар раддия бериши зарурлигини талаб қилди.

Кўп ўтмай Мудофаа саноати қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. ТИВ Эрон дронлари бўйича айблов учун Украина ҳукуматига арз қилишини билдирди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 160
Рейтинг: 3
t
×