Исроиллик миллиардер Россияга юборилаётган Эрон дронлари Ўзбекистонда йиғилаётганини иддао қилди
Олам
−
27 Октябрь 2022
23852Украиналик журналист Дмитрий Гордон ва Исроилда яшовчи собиқ россиялик миллиардер Леонид Невзлин Ўзбекистондаги заводда Эрон билан ҳамкорликда ҳарбий дронлар йиғилаётганини иддао қилди. Бу ҳақда улар “Дмитрий Гордонникида меҳмонда” лойиҳаси доирасидаги суҳбатда айтиб ўтган.
“Исроил имконият даражасида Эрон Россияга дрон етказиб беришига ҳалал беришга уриняпти. Билишимча, етказиб беришдан олдинги йиғиш жойларига зарбалар берилди. Улар чуқурроқда, Эрон ва Ироқда ишлаб чиқарилади”, дейди Невзлин.
У сўзини тугатмасдан Гордон дрон ишлаб чиқарилаётган давлатлар қаторига Ўзбекистонни ҳам қўшган. Сўнг миллиардер сўзини давом эттирган.
“Мен дронлар ҳақида аниқ тафсилотларини билмайман. Лекин Ироқда ва Ўзбекистонда ҳам бор. Ироқда тоғларда ҳам Эроннинг ҳарбий заводлари бор.
Ҳозир янги, янада зарарли дронлар ҳақида гап боряпти. Бундан ташқари “ер-ер” типидаги ракеталарни ҳам етказиб беришга уринмоқда ёки аллақачон етказиб берилмоқда.
Яқинда Эрон армиясининг икки ҳарбийси – полковник ва генерал ўлдирилди. Улар Эронда дронларни ишлаб чиқаришга алоқадор бўлгани айтилмоқда. Бунақа нарсалар тасодифан содир бўлмайди”, дейди миллиардер.
Шундан сўнг Дмитрий Гордон Исроил Эрон, Ироқ ва Ўзбекистондаги дронлар ишлаб чиқарилаётган ва йиғилаётган заводларга зарба бериши эҳтимоли бўйича савол берган.
“Мен Ўзбекистон ҳақида бирор нима дея олмайман. Негаки у [Ўзбекистон] нейтрал ва дўст давлат. Мен билмайман, Исроил у ерда дрон йиғилаётганини биладими, умид қиламанки билади. Улар учун Исроил ва Америка томонидан ультиматум қўйилишининг ўзи етарли бўлади. Ва улар буни тўхтатади.
Ироқ ва Сурия ҳудудларига келадиган бўлсак, Исроил бу ҳудудларга ҳеч шубҳасиз ракета зарбалари беришга тайёр бўлади. Эрон ҳудудида бўлмаган бошқа қурол омборлари ва бошқаларга ҳам”, деган Невзлин.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров журналист ва миллиардернинг айбловларига муносабат билдирди.
“Бу асоссиз ва масъулиятсиз эълонни эътиборсиз қолдирмаслик керак.
Ўзбекистон рус агрессиясини ҳеч қандай шаклда қўллаб-қувватламаслигини, музокаралар ва ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлайдиган бетараф позициясини фуқароларимиз ҳам бутун дунё ҳам жуда яхши тушуниб бўлди”, дейди Қодиров.
У Ўзбекистон томони, хусусан, Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бунга расмий муносабат билдириши зарурлигини таъкидлаган.
“Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бу туҳматни расман рад этиши ва Гордонни узр сўрашга мажбур қилиши керак”, дейди депутат.
Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида “The Washington Post” газетаси Эрон Украинадаги уруш учун дронларнинг биринчи партиясини Россияга топширгани ҳақида хабар берган эди. Украина Қуролли кучлари Россия томонидан Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун Эрон “Shahed” камикадзе-дронларидан фойдалангани ҳақида бир неча бор хабар берган.
17 октябрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги камикадзе-дрон ҳужумлари туфайли Эронни “Россиянинг Украинага қарши жиноятларида шерик” деб атади.
Президент Владимир Зеленский G7 давлатларининг фавқулодда йиғилишида сўзлаган нутқида Россия Теҳрондан яна 4000 та дрон буюртма қилганини айтди. Шунинг учун у Киевга ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаа соҳасида ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов “Обозреватель” нашрига берган интервьюсида Россия Эрондан 1750 дона ҳажмдаги дронларнинг биринчи партиясини буюртма қилгани, кейин ишлаб чиқариш ва Россияга етказиб бериш учун вақт талаб қиладиган янги буюртмалар бошлангани ҳақида маълум қилганди.
“Улар аста-секин уларни тугатмоқда, эронликлар янгиларини ясамоқда, аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор: биз барча дронларнинг тахминан 70 фоизини доимий равишда уриб туширамиз”, дейди Буданов.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 18 октябрь куни Украинада Россия қўшинлари Эрон дронларидан фойдалангани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.
LiveБарчаси