Ўзбекистон мамлакатда Эрон дронлари йиғилаётгани ҳақидаги иддаоларга муносабат билдирди
Жамият
−
27 Октябрь 2022
11434Аввалроқ украиналик журналист Дмитрий Гордон ва ва Исроилда яшовчи собиқ россиялик миллиардер Леонид Невзлин Эроннинг Россияга бераётган дронлари Ўзбекистонда ҳам йиғилаётгани ҳақидаги иддао билан чиққани хабар қилинганди.
Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси Матбуот хизмати мазкур иддаога муносабат билдирди.
Қўмита баъзи бир оммавий-ахборот воситаларида тарқатилаётган, гўёки Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий харакатларда қўлланилаётган Эрон жанговар учувчисиз учиш аппаратларининг (жанговар дронлар) ишлаб чиқариш (йиғиш) майдони эканлиги тўғрисидаги хабарларни қатъий инкор этди.
Шу билан бирга, таъкидланишича Ўзбекистон ҳозирги кунга қадар ҳеч қачон Эрон томони билан ҳамкорликда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқармаган ва ҳозирги кунда ҳам ишлаб чиқармаяпти.
“Шу муносабат билан, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ОАВ орқали текширилмасдан туриб тарқатилаётган бу каби хабарлар жамоатчилик эътиборини ёлғон маълумотлар билан чалғитиши ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан дўстона муносабатларига салбий таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайди”, дейилади муносабатда.
Журналист ва миллиардернинг иддаосидан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат Алишер Қодиров мазкур хабарга Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари расмий муносабат билдириб, Гордонни кечирим сўрашга мажбурлаши кераклигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида “The Washington Post” газетаси Эрон Украинадаги уруш учун дронларнинг биринчи партиясини Россияга топширгани ҳақида хабар берган эди. Украина Қуролли кучлари Россия томонидан Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун Эрон “Shahed” камикадзе-дронларидан фойдалангани ҳақида бир неча бор хабар берган.
17 октябрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги камикадзе-дрон ҳужумлари туфайли Эронни “Россиянинг Украинага қарши жиноятларида шерик” деб атади.
Президент Владимир Зеленский G7 давлатларининг фавқулодда йиғилишида сўзлаган нутқида Россия Теҳрондан яна 4000 та дрон буюртма қилганини айтди. Шунинг учун у Киевга ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаа соҳасида ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов “Обозреватель” нашрига берган интервьюсида Россия Эрондан 1750 дона ҳажмдаги дронларнинг биринчи партиясини буюртма қилгани, кейин ишлаб чиқариш ва Россияга етказиб бериш учун вақт талаб қиладиган янги буюртмалар бошлангани ҳақида маълум қилганди.
“Улар аста-секин уларни тугатмоқда, эронликлар янгиларини ясамоқда, аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор: биз барча дронларнинг тахминан 70 фоизини доимий равишда уриб туширамиз”, дейди Буданов.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 18 октябрь куни Украинада Россия қўшинлари Эрон дронларидан фойдалангани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.
LiveБарчаси