Германия Украинага қандай қуроллар совға қилмоқчилиги маълум бўлди
Олам
−
21 Июнь 2022
6584Германия ҳукумати биринчи марта Украинага кўрсатган ҳарбий ёрдами рўйхатини ва энди етказиб берилиши режалаштирилаётган ёрдам пакети ҳақида маълумот берди. Мазкур рўйхат бугун, 21 июнь куни Германия Вазирлар Маҳкамаси сайтида чоп этилган.
Қайд этилишича, Германия ҳукумати Киевга “Гепард” типидаги 30 та ўзиюрар зенит қурилмалари, IRIS-T ҳаво мудофаа тизими (ҳаво ҳужумидан мудофаа), учта учта Mars ялпи реактив ҳужум тизими, ўқ-дорилар ва бошқа бир қатор қуролларни етказиб бериш ниятида. Шунингдек, Украина армиясига 22 та юк машинаси, 80 та Toyota пикапи, 32 та разведкачи дрон ва 100 000 та биринчи тиббий ёрдам тўплами берилади.
Ҳаммаси бўлиб, Украинага етказиб берилган қурол ва материаллар рўйхатида 38 та, режалаштирилганлар рўйхатида яна 25 та позиция мавжуд.
Қурол-яроғ ва бошқа материаллар Бундесвер захираларидан ажратилган ёки мудофаа концернлари томонидан таъминланган. Германия ҳукумати вакили рўйхат доимий равишда янгиланиб боришини таъкидлади.
Аввалроқ, Германия Мудофаа вазири Кристина Ламбрехт Германия АҚШ ва Буюк Британия билан биргаликда Киевга учта Mars ялпи реактив ҳужум тизими ва бир неча юзта ракеталарни етказиши, шунингдек, ҳарбийларни ўқитишини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат канцлери Олаф Шольц ўзига нисбатан бўлаётган танқидларга жавобан Германия Украинага керакли ҳарбий ёрдамни кўрсатиб келаётганини таъкидлади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси