Германия Украинага 2 000 та ракета етказиб беради

Олам 3987
image

Ҳарбий ёрдам доирасида Германия ҳукумати Украинага 20 та 70 мм.ли ракета отиш мосламалари, улар учун 2 000 та ракета, 30 та МГ-3 автомати ва 155 мм.ли артиллерия учун 1 500 дан ортиқ снарядлар беради. Бу ҳақда Германия Вазирлар Маҳкамаси сайтида айтилади.

“Бу федерал ҳукуматга ёрдам деб аталадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган Бундесвер ва Германия саноатининг захираларини ўз ичига олади”, дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, Германия расмийлари Киевга топширилган “Гепард” ўзиюрар зенит қуроллари сонини 12 тадан 15 тага, М113 зирҳли транспорт воситаларини 33 тадан 44 тагача оширишга ваъда берди. Украина, шунингдек, Германиядан 60 200 та 40 мм калибрли ўқ-дорилар, 12 та зирҳли қутқарув машинаси ва 255 та юқори аниқликдаги Vulcano артиллерия снарядларини олади.

2022 йилнинг 1 январидан 8 августигача Германия ҳукумати Украинага умумий қиймати 686,4 миллион еврога тенг қурол экспорт қилишни маъқуллади, дейилади хабарда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 9
Рейтинг: 3.3
t
×