Германия Россияга қарамликни камайтирмоқчи

Олам

image

Германия Россиядан энергия таъминотига қарамлигини аста-секин камайтирмоқчи. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шольц кеча, 14 март Туркияга ташрифи чоғида маълум қилди. У  Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан биргаликда матбуот анжуманида қатнашди.  

“Биласизми, Германия жуда қисқа вақт – деярли 25 йил ичида қазиб олинадиган энергия манбаларидан фойдаланишни йўқ қилишдек улкан мақсадни қўйган. Биз Европада, табиийки, Россияни четлаб ўтиб, газ, нефть ва кўмирни етказиб бериш йўналишлари бўйича энергия таъминотини диверсификация қилиш учун инфратузилмага муҳтожмиз, токи биз [уларга] қарам бўлиб қолмайлик”, дейди Шолц.  

Аввалроқ Германия вице-канцлери, Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазири Роберт Хабек Германия Россиянинг энергия ресурслари – нефть, газ ва кўмир етказиб беришни тўхтатишга тайёрлигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Германия расмийлари ўтган йилнинг декабрь ойидан буён шундай сценарий устида ишламоқда. Иқтисодиёт вазирлиги раҳбари Германия бу қишда, баҳорда ва ёзда Россия гази таъминотисиз тура олишини таъкидлаган. Хабек, шунингдек, Германия энергия таъминотини диверсификация қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ниятида эканини урғулади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 февраль куни Олаф Шольц Россия Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛПР) бўлгинчиларини тан олиши фонида “Шимолий оқим – 2” газ қувурини сертификатлаш жараёнини тўхтатиш ҳақида кўрсатма берди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Россия-Украина уруши Украинага босқин Олай Шольц

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made