Ғарб ваъдаларига чув тушган Зеленский яна улардан нажот сўраяпти

Олам

image

Европа ва Америка расмийлари аллақачон Россия ва Украина урушида қатнашмасликларини айтганига қарамай, Украина Президенти Владимир Зеленский Ғарб мамлакатларига осмонни ёпиш ҳамда қурол масаласида яна сўров юборди. 

“Биз ҳар куни такрорлаймиз - барча ракеталар учун, Россия ҳарбий авиацияси учун ва барча террорчилар учун осмонни ёпинг, ракеталарсиз, ҳаво бомбаларисиз гуманитар ҳаво зонасини яратинг. Бизни ҳимоя қилиш, одамларни ҳимоя қилиш сизнинг инсоний бурчингиздир”, дейди Зеленский ўзининг шошилинч мурожаатида.

Украина раҳбарига кўра, Винницага қарши 8 та ракета ҳужуми уюштирилган. Аэропорт бутунлай вайрон қилинган.

“Винницага ракета ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берилди. Бизнинг шаҳримизга, Россияга ҳеч қачон таҳдид қилмаган тинч Винницага қарши 8 та ракета ҳужуми уйуштирилди. Аэропорт бутунлай вайрон қилинган. Улар бизнинг инфратузилмамизни, биз қурган ҳаётимизни, ота-оналаримизни, бобо-бувиларимизни, украиналикларнинг авлодларини йўқ қилишда давом этмоқда”, дейди Зеленский.

Аввал ҳам Украина Президенти мамлакат узра учиш тақиқланган ҳудуд жорий этилишини талаб қилган эди. Аммо НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг айни пайтда альянс Украинани парвозлар тақиқланган ҳудуд дея эълон қилмаслигини ва у ерга қўшин юбормаслигини таъкидлади. 

Бу ҳолатга Россия Президенти Владимир Путин ҳам муносабат билдирди. Унга кўра, Россия ҳар қандай мамлакатнинг қайси ташкилот аъзоси бўлишидан қатъи назар, Украина узра парвозсиз зона ташкил этилиши тўғрисидаги қарорини ҳарбий можарода иштирок сифатида қабул қилади.

Ҳозирда Украина устидан фақат фуқаро авиациясининг парвозлари тақиқланган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

168

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг