Ғарб урушни тугатиш бўйича Украинасиз музокаралар ўтказмоқда – ОАВ

Олам

image

АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия вакиллари сўнгги бир неча ҳафта давомида мунтазам равишда учрашиб, Украинадаги урушни музокаралар йўли билан тугатиш режасини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда CNN бир нечта манбаларга таяниб хабар берди. 

Телеканал суҳбатдошларининг айтишича, музокараларда Италиянинг тинчлик ўрнатиш бўйича режаси муҳокама қилинган.

Украина ушбу муҳокамаларда бевосита иштирок этмаётгани айтилмоқда. CNN’нинг таъкидлашича, бу вазият АҚШ расмийларининг “Украинасиз Украина ҳақида ҳеч нарса”, деган баёнотларига зиддир. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Украинани Россия билан музокараларга ундаб, маълум режа устида туриб олмагани қўшимча қилинган.

Нашрнинг ёзишича, гап Украинага кейинги муҳокамаларда таклиф қилиниши мумкин бўлган тинчлик режасининг тахминий параметрлари устида кетмоқда. Бироқ телеканал манбалари Украина ҳудудий ён беришларни назарда тутувчи ҳар қандай келишувга тайёр эмас, деган фикрда. Шу билан бирга, CNN телеканалининг икки манбаси Қўшма Штатлар Қрим ва Донбасснинг тўлиқ мухториятини назарда тутувчи Италия режасини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан олиб борилаётган муҳокамалар музокараларга олиб келадими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Телеканалнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар расмийлари можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишнинг реал истиқболларини ҳали кўрмаяпти. Украина ва Россия ҳам жиддий музокараларга унчалик қизиқиш билдирмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Украина билан музокаралар тўхтатилганини, улар ҳеч қандай шаклда олиб борилмаётганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаб, Киев Россия дунёдаги сиёсий жараёнларда салбий роль ўйнагани туфайли у билан музокараларни тўхтатганини айтганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

 

Нилуфар Исроилова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг