Ғарб Россиянинг иккита заиф нуқтасига зарба бериши керак – NYT
Олам
−
26 Март 2022
21629Россия Президенти Владимир Путинни россиялик олигархлар тақдири қизиқтирмайди, шунинг учун уларга қарши санкциялар кутилган самарани келтирмаяпти. “The New York Times” таҳлилчиси Эйлин О’Коннор шундай фикр билдирди.
У Ғарбга Россиядаги ҳаётнинг моҳиятини тушунмасликларини эслатган. Олигархларнинг улкан бойликлари уларнинг сиёсий кучга эга эканлигини ва Кремлнинг ҳаракатларини ўзгартириши мумкинлигини англатмайди. Россияда хусусий мулк ҳуқуқи ва холис қонуний ҳокимият йўқ, шунинг учун барча миллиардерлар охиригача расмий Москвага боғлиқ бўлиб қолишади.
Тарих Путинга қарши чиқишга журъат этганлар ҳамма нарсадан айрилганини билади. 2000-йилларнинг бошларида Михаил Ходорковский Россиядаги энг бой одам эди. Бироқ, 2003 йилда у ҳукумат коррупциясини танқид қилишга журъат қилди. Натижада у барча мол-мулкини йўқотди ва 10 йил қамоқда ўтирди. Озодликка чиққанидан кейин у Россия Федерациясини тарк этишга мажбур бўлди.
Қайд этилишича, олигархлар бу сабоқни яхши ўрганишган ва энди улар ўз фикрларини очиқ айтишга журъат этмайдилар.
“Бироқ, Путин режимининг ҳали ҳам иккита заиф томони бор: нефть ва Қуролли Кучлар”, дейилади мақолада.
Россиянинг нефть ва газ сектори мамлакат федерал бюджети даромадларининг 40 фоизини ва мамлакат экспортининг 60 фоизини таъминлайди. Шунинг учун ҳам Жо Байденнинг нефть импортини тақиқловчи санкцияларга эътибор қаратиши муҳим. Бироқ, экспертлар АҚШнинг Россиядан энергия ресурслар импорти камлиги учун буни рамзий маънога эга деб ҳисоблайди.
“The New York Times” мақоласида Европа Россия энергетикасига қарамликни камайтиришга кўпроқ эътибор қаратиши, шунингдек, Ҳиндистон ва Хитойнинг Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаш борасида музокаралар олиб бориши кераклиги таъкидланган.
Қайд этилишича, РФ Қуролли Кучларини тўхтатиш учун технологияга экспортини чеклаш керак. Русларда дала разведка маълумотларини йиғиш учун зарур бўлган аппарат ва дастурий таъминот жуда танқис. Бундан ташқари, улар ушбу разведкадан фойдаланиш учун алоқа тизимларига эга эмас. Шунингдек, русларда қўшинларни озиқ-овқат ва газ билан таъминлашнинг мураккаб тизими йўқ, бу Украинадаги уруш пайтида ўртага чиққан.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь