Ғарб Россияни ҳар томонлама санкциялар билан “бўғмоқчи”
Олам
−
05 Апрель 2022
10821Еврокомиссия Россияга қарши олти элементдан иборат бешинчи санкциялар пакетини жорий қилмоқчи. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўзининг видеомурожаатида сўз очган.
"Биринчидан, биз Россиядан йилига тўрт миллиард евро миқдорида кўмир импортини тақиқлаймиз. Иккинчидан, Россиянинг тўртта асосий банки, жумладан ВТБ билан операцияларни тўлиқ тўхтатамиз", дейди у.
Еврокомиссия раҳбарига кўра, учинчи банд Россия кемаларининг Европа портларига киришини тақиқлашдан иборат.
“Баъзи-бир истисно ҳолатлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, инсонпарварлик ёрдами, шунингдек энергия каби асосий эҳтиёжларни қамраб олади. Бундан ташқари, биз Россия ва Беларусь транспорт операторларини тақиқлашни таклиф қиламиз ", дея сўзида давом этган Еврокомиссия раҳбари.
Тўртинчиси, Россия заиф бўлган соҳаларда 10 млрд евролик манзилли экспорт тақиқини жорий этиш.
Бешинчиси, ёғочдан цементгача, денгиз маҳсулотларидан спиртли ичимликларгача бўлган маҳсулотларга 5,5 миллиард евро қийматидаги янги импорт чекловлари.
"Олтинчидан, биз бир қатор мақсадли чораларни кўрмоқдамиз, масалан, Европа Иттифоқи томонидан Россия компанияларининг иттифоққа аъзо мамлакатлардаги давлат харидларида иштирок этишини умумий тақиқлаш", дейди Урсула фон дер Ляйен.
Шунингдек, Россия давлат органларига ҳар қандай Европа ва миллий молиявий ёрдамни истисно қилиш таклифи киритилган. Бундан ташқари, Еврокомиссия ЕИнинг индивидуал санкциялари рўйхатини кенгайтиришни сўраган.
Европа Комиссияси томонидан таклиф қилинган чеклов чоралар Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан маъқулланиши керак.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси