Гаага суди Россияга ҳукм чиқарди
Олам
−
17 Март 2022
39336Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро суди Россия ҳукумати Украинага ҳужумни зудлик билан тўхтатиши керак, деган қарорга келди.
Суд, шунингдек, ҳар икки томон низони кучайтирувчи ёки чўзувчи ёки уни ҳал қилишга тўсқинлик қиладиган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, суд қарорига кўра, Россия Москва назоратидаги барча ҳарбий ёки тартибсиз ҳарбий қисмлар, у томонидан назорат қилинадиган ташкилотлар ёки шахслар “ҳарбий операция” бўйича бошқа чора кўрмаслигини таъминлаши керак.
Маълумот ўрнида, Гаагадаги Халқаро судда Россияга қарши даъво Украина ташаббуси билан жорий йилнинг 27 февраль куни бошланган. Даъво бўйича суд мажлислари 7-8 март кунлари бўлиб ўтган.
Халқаро Суд Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) асосий суд органи ҳисобланади. У Гаагадаги (Нидерландия) Тинчлик саройида жойлашган бўлиб, 1946 йилдан бери фаолият юритади ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий низоларни ҳал қилади.
Давлатлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқишда суд очиқ суд мажлисларини ўтказади, унда тарафларнинг вакиллари ва адвокатлари сўзга чиқади, сўнгра ишни ёпиқ мажлисларда муҳокама қилади ва қарор чиқаради. Ушбу қарор якуний ҳисобланади ва шикоят қилиниши мумкин эмас. Агар жараёнда иштирок этаётган давлатлардан бири унга риоя қилмаса, иккинчи томон БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиши мумкин.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси