Францияда ўлимлар сони туғилишдан ошди
Олам
−
13 Январь 616 2 дақиқа
2025 йилда Францияда Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери илк бор ўлимлар сони туғилишлар сонидан кўпайди. Бу ҳолат мамлакатнинг Европа Иттифоқи давлатлари орасида узоқ йиллар давомида сақланиб келган демографик устунлигига путур етказди. Бу ҳақда “Francebleu” хабар берди.
Қайд этилишича, туғилиш даражаси COVID-19 пандемиясидан кейин изчил равишда пасая бошлаган ва оқибатда ўлимлар сони туғилишдан ошиб кетган. INSEE миллий статистика институти 2025 йилда туғилиш даражаси ҳар бир аёлга 1,56 болагача тушганини маълум қилди. Бу кўрсаткич Биринчи жаҳон урушидан бери қайд этилган энг паст даража ҳисобланади.
2023 йилда – Европа Иттифоқи бўйича сўнгги таққослашлар ўтказилган даврда Франция туғилиш даражаси бўйича 1,65 кўрсаткич билан Болгариядан (1,81) кейин иккинчи ўринда бўлган.
Миллий давлат аудити идорасининг огоҳлантиришича, демографик ўзгаришлар яқин йилларда давлат харажатларининг кескин ошишига олиб келиши мумкин. Хусусан, пенсия ва ижтимоий таъминот тизимига босим кучаяди, солиқ базаси эса қисқариш хавфи билан юзлашади.
Жамғарма доираси таҳлил маркази иқтисодчиси Филип Кревелнинг сўзларига кўра, 1960 йилларда туғилган катта авлоднинг нафақага чиқиши меҳнат бозорида ишчи кучи етишмовчилигини янада кучайтирган.
Шу билан бирга, ўлимлар сони туғилишдан ошганига қарамай, Франция аҳолиси 2025 йилда 69,1 миллион кишига етди. Бу асосан 176 минг кишилик соф миграция ҳисобига бўлган.
INSEE маълумотларига кўра, ўтган йили умр кўриш давомийлиги ҳам рекорд даражага чиққан: аёллар учун 85,9 ёш, эркаклар учун эса 80,3 ёш. 65 ёш ва ундан катта аҳолининг улуши 22 фоизга етиб, деярли 20 ёшгача бўлганлар сонига тенглашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энг кўп чақалоқ қайси вилоятда туғилаётгани ҳақида хабар берилганди.