Туркиялик хонанда Гуллу иши бўйича янги маълумотлар ошкор бўлди

Маданият-санъат

−

visibility356 timer3 дақиқа

image

Туркиялик хонанда Гуллунинг ўлими бўйича терговда янги тафсилотлар маълум бўлди. Ишга оид аудиоёзувлар қайта ўрганилиши учун мутахассисларга юборилди. Бу ҳақда “Haberler” нашри хабар берди. 

Маълум қилинишича, Гуллунинг ўлимига оид иш материалларига киритилган янги далиллар техник экспертиза учун Туркия Илмий-технологик тадқиқотлар кенгаши (TÜBİTAK)га юборилган. Бу хонанданинг ўғли Туғберк Яғиз Гүлтернинг адвокати Раҳми Челик Ялова Бош прокуратурасига мурожаат қилганидан кейин амалга оширилган.

Янги аудио таҳлил хонанданинг ўғли Туғберк Яғиз Гүлтер илтимосига биноан ўтказилган. Унда Гуллунинг қизи Туғян Улкем Гүлтер ва Султон Нур Улу ўртасида бўлгани айтилган бир қатор суҳбатлар эътиборни тортган. Хусусан, аудиоёзувда Туғян Улкем Гүлтернинг “Камераларни ўчирдингми?” деган саволига Султон Нур Улу “У мени кузатяпти”, деб жавоб бергани айтилган. Суҳбат давомида Туғян онаси Гуллюдан узр сўрашини талаб қилгани, Улу эса “Майли, у буни қиляпти”, деган мазмунда жавоб қайтаргани иддао қилинган.

Бироқ ишдаги энг муҳим тафсилотлардан бири ёзувлардаги эркак овози билан боғлиқ. Аудио таҳлилда Туғян Улкем Гүлтернинг “Бу ким?” деган саволига Султон Нур Улу “Акам”, деб жавоб бергани қайд этилган.

Шундан сўнг, ёзувларда эшитилган эркак овози Султон Нур Улунун акасига тегишли бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин пайдо бўлган. Бироқ ҳозирча овознинг айнан кимга тегишли экани расман тасдиқланмаган.

Аввалги экспертиза хулосаларида ҳам эркак овози қайд этилган

Маълумотларга кўра, Гуллунинг ўлими бўйича иш материалларига аввал ҳам хонанданинг ўғли адвокатлари томонидан уй ичидаги кузатув камералари тасвирлари ва аудиоёзувлар асосида тайёрланган иккита эксперт хулосаси тақдим этилган.

2026 йил 28 октябрдаги биринчи ва 6 ноябрдаги иккинчи хулосада ёзувлардаги айрим суҳбатлар таҳлил қилинган. Уларда Гуллуга нисбатан “Мени қўйиб юбор” ва “Қўй” деган сўзлар, Султон Нур Улуга “Ташла”, Туғян Улкем Гүлтерга эса “Деразадан сакра” ва “Қоч, онам йўқ, қоч” деган иборалар тегишли экани айтилган.

Иккинчи эксперт хулосасида Туғян Улкем Гүлтерга “Камераларни мен ўчирдим” ва “Қандай қилишимни ўйлаяпман” деган гаплар ҳам нисбат берилган. Шунингдек, аввалги таҳлилларда эркак кишига тегишли бўлиши мумкин бўлган овоз ҳам аниқланган. Биринчи хулосада унга “Сенингча, қўрқитишга ҳаракат қиляптими?”, “Эшикни ёп” ва “Ташласин” каби иборалар нисбат берилган. Иккинчи хулосада эса “Йўқ”, “Кўришни истамайман” ва “Деразадан сакра” деган сўзлар қайд этилган.

Бироқ аввалги эксперт хулосаларида эркак овозининг шахси аниқланмаган. Шу сабабли янги аудиоёзувлар ва бошқа рақамли далилларни техник жиҳатдан текшириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Гуллунинг ўлими билан боғлиқ иш

Эслатиб ўтамиз, Гуллу тахаллуси билан танилган 52 ёшли хонанда Гул Тут 2025 йил 26 сентябрь куни Ялова вилоятининг Чинаржик туманидаги уйининг олтинчи қаватидан йиқилиб вафот этган. Ҳодисадан сўнг унинг қизи Туғян Улкем Гүлтер ва воқеа вақтида уйда бўлган дугонаси Султон Нур Улу тергов доирасида қўлга олинган. Кейинчалик Туғян Улкем Гүлтер онасини қасддан ўлдиришда айбланиб, 2026 йил 9 октябрь куни Ялова биринчи оғир жиноят ишлари суди томонидан оғирлаштирилган умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.

Султон Нур Улу эса иш бўйича ёлғон кўрсатма беришда айбланиб, унга нисбатан икки йилдан тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўралган.

Айни пайтда иш материалларига киритилган янги далиллар TÜBİTAK томонидан техник экспертизадан ўтказилиши кутилмоқда. Текширув натижалари ёзувлардаги эркак овозининг кимга тегишли экани ва воқеа тафсилотларини аниқлашга ёрдам бериши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг