Францияда май ойи намойишлар билан бошланди

Олам

image

Бугун, 1 май куни Францияда пенсия ёшини икки йилга оширишни назарда тутувчи пенсия ислоҳотига қарши оммавий акцияларнинг янги тўлқини бошланди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Йирик касаба уюшмалари чақириғи билан ташкил этилган акциялар ҳам пойтахт Парижда, ҳам мамлакатнинг бошқа кўплаб шаҳарларида, жумладан,  Страцбург, Марсель, Тулуза, Ванн, Руан ва Реннда ўтказилди.

Манбага кўра, намойишларда 1 миллиондан ортиқ одам қатнашиши кутилмоқда. Ҳуқуқ ва тартибни таъминлаш учун жами 12 минг полициячи жалб қилинган бўлиб, улардан 5 минг нафари Парижга жойлаштирилган.

Париж транспорт агентлиги RATP норозиликларга жавобан кўплаб темир йўл вокзалларини ёпган. Бундан ташқари, рейслар 25-30 фоизга қисқариши ҳам кутилмоқда.

Маҳаллий нашрлар мамлакат Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен полиция бошлиқларига намойишлар вақтида разведка маълумотларини йиғиш учун дронлардан фойдаланишни буюрганини ёзмоқда. Бордо шаҳри судига ҳам полициянинг намойишлар пайтида дронлардан фойдалангани ҳақидаги шикоятлар келиб тушган, бироқ суд буни рад этган.

Париж полицияси раҳбари Лоран Нуньес эса намойишларда 2000 га яқин ўта чап жангари иштирок этиши мумкинлиги ҳақида маълумот олганини айтган. Унга кўра, бу жангариларнинг бир қисми хориждан келади ва намойишлар вақтида зўравонлик қилишга қаратилган. Шунингдек, Нуньес намойишлар чоғида зўравонлик қилганларга қаттиқ жавоб беришга ваъда берган.

Мамлакатдаги энг йирик касаба уюшмаларидан бири – CGT раҳбари Софи Бинет ҳукуматни намойишларда полицияни провокация қилмасликка чақирган. Меҳнат вазири Оливиер Дуссауд эса яқин кунларда ҳукумат билан музокараларни бошлаш учун CGT вакилларига таклифнома юборишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Францияда пенсия ёшини 62 дан 64 га кўтарадиган ва бир қатор махсус пенсия режимларини бекор қиладиган ислоҳот лойиҳаси январь ойида тақдим этилган эди. Бу ташаббус бутун мамлакат бўйлаб намойишлар ва иш ташлашларга сабаб бўлди. 16 март куни Франция Бош вазири Элизабет Борн парламентни четлаб ўтиб, ҳукумат масъулияти остида пенсия тизимига ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинганини эълон қилди. Касаба уюшмалари ва мухолиф сиёсий партиялар вакиллари ҳукуматнинг бу ҳаракатини қоралаб, ҳукумат ислоҳотларни бекор қилмагунча иш ташлашларни давом эттиришга чақирди. Шу кунгача бутун Франция бўйлаб мазкур ислоҳотга қарши 12 марта намойиш ўтказилган, улар баъзи фожиавий оқибатларга олиб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция норозилик пенсия ислоҳоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг